
Сирдарё вилояти Тошкент шаҳридан ташқарига кўчирилиши режалаштирилган саноат корхоналарини жойлаштириш учун зарур шароитларга эга. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 4 декабрь куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, кўплаб пойтахт корхоналари арзонроқ ер ресурслари, ривожланган инфратузилма ва ер ҳамда мулк солиқлари камроқ бўлган ҳудудларни изламоқда. У Сирдарёдаги эркин иқтисодий зона бундай ишлаб чиқаришларни жойлаштириш учун катта салоҳиятга эга эканлигини таъкидлади.
Ўз заводларини Тошкентдан Сирдарёга кўчиришни истаган тадбиркорларга саноат зонасидаги ерлар соддалаштирилган тартибда ва имтиёзлар билан тақдим этилади. Уларга, шунингдек, 10 млрд сўмгача имтиёзли кредитлар берилади ва хомашёни етказиб бериш учун пасайтирилган темир йўл тарифлари таклиф этилади.
Маҳаллийлаштириш
Президент Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган 1140 та саноат корхонасидан 129 таси паст қувватда ишлаётганини маълум қилди. Бу уларнинг аксарияти бутловчи қисмларни хориждан ёки бошқа ҳудудлардан сотиб олиши билан боғлиқ бўлиб, бу маҳсулот таннархини оширади.
Мирзиёев кооперацияни ташкил этиш ва бутловчи қисмларни жойида ишлаб чиқариш орқали таннархни 10% га пасайтириш мумкинлигини таъкидлади.
У «Фаровон» кичик саноат зонасига туташ 200 гектар майдонда бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни яратиш таклифини қўллаб-қувватлади.
Бу ҳудуд темир йўл бўйлаб жойлашган бўлиб, у ерда электр тармоқлари ҳам мавжуд, шунинг учун инфратузилмага қўшимча сармоя киритиш талаб этилмайди. Вилоят ҳокимлигига ушбу майдонда 800 млн долларлик маҳаллийлаштириш лойиҳаларини бошлаш топширилди.

