Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 10/12/2025

Гулистондаги портлашда ҳалок бўлганларнинг оилаларига 100 млн сўмдан берилади. «Фожиа дарс бўлиши керак» — Президент

Гулистондаги умумий овқатланиш муассасасида содир бўлган портлашда ҳалок бўлган уч кишининг оилаларига уч кун ичида 100 млн сўмдан моддий ёрдам ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида топшириқ берди. 2025 йил 4 декабрь куни у шифохонада жабрланганлардан хабар олди ва ҳалок бўлганларнинг яқинлари билан учрашди.

2025 йил 2 декабрь куни газ баллони портлаши натижасида 29 киши турли даражадаги куйиш ва жароҳатлар олди, улардан 3 нафари шифохонада вафот этди. Жабрланганлар орасида икки нафар ҳомиладор аёл бор. Беш нафар беморнинг аҳволи оғир, бир нафариники эса ўта оғир эканлиги хабар қилинган.

Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази директори бошчилигидаги 10 нафар малакали шифокордан иборат бригада жабрланганларга бепул малакали тиббий ва психологик ёрдам кўрсатмоқда.

Шавкат Мирзиёев масъул идораларга ҳодиса сабабларини тезкорлик билан аниқлаш ва айбдорларнинг жазодан қутулиб қолишига йўл қўймасликни таъминлашни топширди.

У, «фожиа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш тизими учун катта дарс бўлиши кераклигини» таъкидлади.

Қиш ойларида бу каби ҳодисаларнинг олдини олишга масъул бўлган барча идораларга кеча-кундуз иш режимига ўтиш топширилди.