
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти юқори малакали ишчилар учун бериладиган H-1B визаларига ариза берувчиларни текширишни кучайтиради, деб хабар берди Reuters Давлат департаментининг ички йўриқномасига таяниб.
2025 йил 2 декабрь куни АҚШнинг барча дипломатик ваколатхоналарига юборилган телеграммада консуллик ходимларига H-1B визаларига ариза берувчилар ва улар билан саёҳат қиладиган оила аъзоларининг резюмелари ёки LinkedIn профилларини дезинформация тарқатиш, контентни модерация қилиш ва бошқа соҳаларда иш тажрибаси бор-йўқлигини текшириш тавсия этилган.
«Агар сиз ариза берувчининг Қўшма Штатларда ҳимояланган фикр билдириш шаклларини цензура қилиш ёки цензура қилишга уриниш учун жавобгар бўлгани ёки бунда иштирок этгани ҳақида далил топсангиз, сиз ариза берувчини виза олиш ҳуқуқига эга эмас деб топишга ҳаракат қилишингиз керак», — дейилади телеграммада.
Бу сиёсат АҚШ визасига ариза берувчиларнинг барчасига нисбатан қўлланилади, аммо H-1B визасига ариза берувчилар кўпинча технологик соҳада, «жумладан, ижтимоий тармоқларда ёки ҳимояланган фикр билдириш шаклларини бостиришда иштирок этувчи молия компанияларида» ишлашлари сабабли, уларни янада синчковлик билан текшириш таклиф қилинмоқда.
«Уларнинг меҳнат фаолияти тарихини, бундай фаолиятда иштирок этмаганлигига ишонч ҳосил қилиш учун синчковлик билан ўрганиш зарур», — дейилади телеграммада.
Янгиланган текшириш талаблари янги ва қайта ариза берувчиларга нисбатан ҳам қўлланилади.
2025 йил июнь ойида АҚШ Давлат департаменти талабалик визаларига ариза берувчиларни текширишни сезиларли даражада кучайтирди, консуллик ходимларига «Америка фуқаролари, маданияти, ҳукумати, муассасалари ёки асосий тамойилларига душманлик билан қарайдиган» шахсларни аниқлаш учун ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларни текширишни топширди.
2025 йил август ойида АҚШ расмийлари яшаш учун рухсатнома, ишчи ва бошқа турдаги визаларга аризаларни кўриб чиқишда мигрантларнинг ижтимоий тармоқларини «Америкага қарши мафкуралар» бор-йўқлигини текширишни режалаштираётгани маълум бўлди.
Шу йил сентябрь ойида Дональд Трамп «суиистеъмол қилишнинг олдини олиш ва америкалик ишчиларни ҳимоя қилиш мақсадида» H-1B визаси учун 100 минг доллар миқдорида йиғим белгилади.