Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 09/12/2025

«Мурожаатларнинг катта қисми энергетикага тааллуқли». Депутатлар Энергетика вазирини эшитувларга чақиради

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 2025 йил 3 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида эшитувлар ўтказишни таклиф қилди.

Депутат Шокиржон Аҳмедовнинг қайд этишича, давлат томонидан энергетикани ривожлантириш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, ҳудудларда истеъмолчиларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда.

«Қонунчилик палатасига келиб тушаётган мурожаатларнинг катта қисми энергетика масалаларига тааллуқли: электр ва газ таъминотидаги узилишлар, хизматлар сифатининг пастлиги, авария ҳолатларини ўз вақтида бартараф этилмаслиги. Бундай мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, соҳада алоҳида эътибор талаб қиладиган масалалар мавжуд», — деди.

Парламентарийнинг сўзларига кўра, жойларда ўтказилган ўрганишлар аҳолини барқарор ва сифатли энергия билан таъминлаш энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда.

У Энергетика вазирининг энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини парламент эшитувларига олиб чиқишни таклиф қилди.

2025 йил 1 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини суюлтирилган газ билан имтиёзли таъминлашдаги камчиликлар сақланиб қолаётганини, ўғирлик ҳолатлари қайд этилаётганини маълум қилди. «Ҳудудгазтаъминот» тизимига бундай ҳолатларни бартараф этиш, ҳар бир туман бўйича ишлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал қилиш топширилди.

Давлат раҳбари эскирган электр тармоқлари ва ортиқча юклама билан ишлаётган трансформаторларни инвентаризациядан ўтказиш ҳамда уларнинг барқарор фаолиятини таъминлаш бўйича топшириқ берди.

Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, 1800 км электр тармоқларида таъмирлаш сифатсиз бажарилган. Бош прокуратурага бу ҳолатларни ўрганиш ва қонун устуворлигини таъминлаш, «Энергоинспекция»га эса назорат фаолиятини янги ёндашувлар асосида қайта қуриш ва фавқулодда режимда ишлашга ўтиш топширилди.

Шавкат Мирзиёев қиш мавсумида аҳолига энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилиш якунлари бўйича яқинда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи этиб тайинланган, «Миллий электр тармоқлари»нинг собиқ раиси Дадажон Исақулов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида президент топшириқлари ҳақида маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, электр энергетикаси, шунингдек, инфратузилма ва газ таъминоти билан шуғулланувчи ташкилотлар учун 24 соатлик иш режими белгиланган, уларга қўшимча бригадалар тузиш топширилган.

«Асосий мақсадимиз — қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ таъминоти ташкилотлари ишидан рози бўлишига эришиш. Ҳурматли Президентимиз томонидан берилган топшириқларни 100 фоиз бажариш чораларини кўрамиз», — деди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2025 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари билан тўлиқ таъминланганини ва қишда чекловлар кутилмаётганини (авария ҳолатларини ҳисобга олмаганда) маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, асосий муаммолар тармоқларнинг эскирганлиги билан боғлиқ бўлиб, уларнинг 35 фоизи 40 йилдан ортиқ ишлатилмоқда.