
Тошкентда ягона Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТМ) бошқарадиган Ақлли транспорт тизими (АТТ) ишга туширилиши кутилмоқда. 2025 йил 3 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахт ҳокимлиги таклифларини маъқуллади ва синов лойиҳасини шу йилнинг ўзидаёқ ишга туширишни топширди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Кейинги йилларда лойиҳа кенгайтирилиши ва 2030 йилгача барча ҳудудларга интеграция қилиниши керак, дейилади хабарда. Унинг ёрдамида ҳаракатни назорат қилиш, таҳлил қилиш ва режалаштириш марказлашган ҳолда ва реал вақт режимида амалга оширилади.
Ҳозирда Тошкентда, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги каби, транспорт тизими (светофорлар, асфальт, чизиқлар, автотураргоҳлар, жамоат транспорти, унинг йўналишлари, алмашиш тугунлари, такси, тротуарлар, вело йўлаклар, камералар, авариялар таҳлили ва бошқалар) билан кўплаб ташкилотлар шуғулланади, баъзида уларнинг ҳаракатлари синхронлашмаган. Бундан ташқари, соҳа кўплаб турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
ЙҲТМ нима билан шуғулланади? Тақдимотга кўра, булар:
- Транспорт ва пиёдалар оқимларини таҳлил қилиш ва моделлаштириш;
- Ақлли транспорт тизимини (АТТ) жорий этиш ва бошқариш;
- Транспорт бош режаси ва каркасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- Шаҳар автотураргоҳларини ташкил этиш;
- Электромобилларни қувватлантириш инфратузилмасини ривожлантириш;
- Шахсий мобиллик воситаларидан фойдаланишни рағбатлантириш ва бошқалар.
Оператори ЙҲТМ бўладиган Ақлли транспорт тизими, шу жумладан сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда, камералар, датчиклар ва GPS қурилмаларидан йиғилган маълумотларни таҳлил қилади. У статистика юритади ва тирбандликларни прогноз қилади, йўналишларни оптималлаштиради, светофор фазаларини мослашувчан тарзда ўзгартиради ва йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлганда тезкор хизматларни чақиради.
Тизимни жорий этиш натижасида йўлда ўртача сарфланадиган вақтнинг қисқариши, ЙТҲ жойига тезкор хизматларнинг етиб келиш тезлигининг ошиши, шунингдек, асосий магистралларда тирбандликлар ва авариялар сонининг камайиши кутилмоқда, деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Хабарда қайд этилишича, пойтахтнинг асосий транспорт магистралларига тушадиган юклама сўнгги йилларда икки баравар ошган, 7-8 балли тирбандликлар оддий ҳолга айланган. Жамоат транспортидан фойдаланиш улуши ҳали ҳам шахсий автомобиллардаги саёҳатлар ҳажмидан кам. Буларнинг барчаси экологик ҳолатга ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Ҳокимлик 2024 йил март ойида ЙҲТМ лойиҳасини президентга тақдим этган эди. Ўшанда пойтахтнинг деярли барча кўчалари замонавий техник талабларга жавоб бермаслиги хабар қилинганди. Ўтган вақт мобайнида пойтахтда биринчи тезюрар автобус линияси, пуллик автотураргоҳлар тизими ишга туширилди ва қатор бошқа лойиҳалар амалга оширилди.

