
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти юқори хавф туғдирувчи деб ҳисоблайдиган 19 та мамлакатдан барча иммиграция аризаларини кўриб чиқишни тўхтатди, деб хабар беради CBS News АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция хизматлари (USCIS) нинг ички йўриқномасига таяниб.
Қарор Оқ уй яқинида АҚШ Миллий гвардиясининг икки ҳарбий хизматчисига қилинган ҳужум билан боғлиқ. Ҳужумда гумон қилиниб, Афғонистон фуқароси ҳибсга олинган эди.
Тўхтатиш Трампнинг 2025 йил июнь ойидаги фармонига кўра АҚШга кириши тақиқланган ёки чекланган 19 та мамлакат фуқароларига тегишли. Рўйхатга Африка, Лотин Америкаси ва Осиё мамлакатлари, жумладан, Эрон, Афғонистон ва Туркманистон киритилган.
«Ушбу тўхтатиш барча турдаги шаклларга ва ҳар қандай якуний қарорларни қабул қилишга (тасдиқлаш, рад этиш), шунингдек, ҳар қандай қасамёд маросимларини ўтказишга тааллуқлидир», — дейилади USCIS йўриқномасида.
Ҳарбийларга қилинган ҳужумдан сўнг, Оқ уй бир нечта иммиграцион чекловларни эълон қилди, жумладан, бошпана бериш бўйича барча аризаларни кўриб чиқишни тўхтатиш, Афғонистон фуқароларининг АҚШга кириш аризаларини қайта ишлаш ва Жо Байден маъмурияти томонидан 2021 йилдан бери тасдиқланган 19 та мамлакат иммигрантлари учун барча Green Card ларни қайта кўриб чиқиш.
Бироқ, CBS News аниқлик киритишича, Трамп маъмурияти 19 та мамлакат фуқароларига тегишли бўлган (нафақат грин-карта аризалари, балки) USCIS нинг барча ишларини, жумладан, фуқаролик олиш аризаларини кўриб чиқишни тўхтатиш ҳақида оммавий эълон қилмаган. АҚШ фуқаролигига даъво қилиш учун иммигрантлар, одатда, камида уч йил давомида АҚШнинг доимий резиденти бўлишлари керак.
USCIS йўриқномасида айтилишича, бошпана сўровчилар (фуқаролигидан қатъи назар) ва иммиграция имтиёзларига ариза берувчилар, шунингдек, грин-карта эгалари «миллий хавфсизлик ва жамоат тартиботига доир барча таҳдидларни тўлиқ баҳолаш учун пухта қайта текширув жараёнидан, шу жумладан потенциал суҳбатдан ва зарурат туғилганда такрорий суҳбатдан ўтишлари» керак.
Бундан аввал CBS News Оқ уй бошқа мамлакатлар фуқароларининг ҳам АҚШга киришини тақиқлашни кенгайтириш имкониятини кўриб чиқаётганини хабар қилган эди. Телеканал суҳбатдошларининг сўзларига кўра, саёҳат ва иммиграция чекловларига дуч келиши мумкин бўлган давлатлар рўйхати 30 тагача кўпайиши мумкин.
Аввалроқ Трамп АҚШга «барча учинчи дунё мамлакатларидан» миграцияни «абадий тўхтатишга», АҚШ фуқароси бўлмаганлар учун барча федерал имтиёзлар ва субсидияларни тўхтатишга, шунингдек, «мамлакатнинг ички тартибига путур етказувчи» муҳожирларни фуқароликдан маҳрум этишга ваъда берган эди.