
Ўзбекистон Президенти 2025 йил 1 декабрь куни ўтказган йиғилишда қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини экологик хавфсиз зоналарга айлантириш бўйича топшириқ берди.
Экология ва иқлим ўзгаришлари қўмитаси раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида 2030 йилгача чиқинди полигонлари ҳажмини 50 фоизга қисқартириш вазифаси қўйилганини маълум қилди.
«Айни пайтда 47 та полигон рекультивация қилинди. Йиғилишда чиқиндилар деганда нафақат маиший, балки хавфли саноат чиқиндилари ҳам тушунилиши кераклиги таъкидланди. Қарийб 128 миллион тонна ана шундай чиқиндилар тўпланган бўлиб, уларни қайта ишлаш бўйича ҳам режалар шакллантирилган. Чиқинди ёқиш заводлари ўртача кунига 500 тонна чиқиндини қабул қилади, бу эса тўлиқ қайта ишлаш циклини йўлга қўйиш, ноқонуний чиқиндихоналарни камайтириш ва мавжуд полигонларга тушадиган юкламани енгиллатиш имконини беради», — дея қайд этди раис ўринбосари.
Искандар Қутбиддиновнинг сўзларига кўра, ушбу заводларда ишлаш учун «яшил» техникумларда Green University билан ҳамкорликда кадрлар тайёрланади.
Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиёт агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида олти вилоятда чиқиндиларни ёқиш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича 6 та лойиҳа амалга оширилаётганини, уларнинг умумий инвестиция ҳажми 950 миллион долларни ташкил этишини айтди. Ҳозирча ушбу объектларнинг тайёрлик даражаси 30-40% ни ташкил этмоқда, 2026 йил охиригача улар якунланиши керак.
«Президент сутка давомида узлуксиз ишлаш режимини ташкил этиш ва чиқиндилардан хомашё сифатида максимал даражада фойдаланишни таъминлаш бўйича масъулиятли вазифани қўйди. Ҳозир бор-йўғи 3-4% чиқинди қайта ишланмоқда, бу жуда кам, шу сабабли хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳалари бошланди», — деди Шарифбек Ҳасанов.
Агентлик раҳбари авваллари ҳар йили 14 миллион тонна атрофидаги чиқинди деярли 200 та полигонга етказилганини таъкидлади.
«Энди полигонлар сонини 50% га қисқартириш мақсади қўйилди. Барча лойиҳалар [чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш бўйича] ишга туширилгандан сўнг, полигонларни яшил боғлар ва паркларга айлантириш топширилди», — деди Шарифбек Ҳасанов.
2024 йил октябрь ойида Президентга Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 2025–2027 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган чиқинди ёқиш заводлари лойиҳалари тақдимот қилинган эди.
Хитойнинг учта компанияси Тошкент ва Самарқанд вилоятлари, Қашқадарё ва Фарғона водийсида чиқиндиларни ёқиш орқали энергия ишлаб чиқариладиган электр станциялари қуришни режалаштирган эди.
Тошкентда сентябрь ойида тиббиёт чиқиндиларидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи биринчи завод ишга туширилди.
Ўзбекистонда аллақачон 42 та чиқинди полигонининг фаолияти тугатилган.
Аввалроқ Экология бўйича Миллий қўмита раҳбари Азиз Абдуҳакимов полигонларни «экологик бомба» деб атаб, илгари хусусийлаштирилган объектлар устидан давлат назоратини қайтаришни таклиф қилган эди.
Ўшанда у замонавий чиқинди ёқиш заводлари экологик жиҳатдан хавфсиз эканлигини ҳам таъкидлаган. «Мен ўзим бундай заводлардан бирида бўлганман, мўрига чиқдим, ҳаводан нафас олдим — у ердан мутлақо тоза ҳаво чиқади, ҳеч қандай зарари йўқ», — деган эди қўмита раҳбари.