
Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги Термиз – Ҳайратон кўприги орқали фуқаролар ҳаракати тикланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) хабар берди.
ССП маълумотларига кўра, эндиликда аҳоли ўтиш пунктлари орқали Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида тўғридан-тўғри ва хавфсиз ҳаракатланиши мумкин. Шу билан бирга, виза режими ўзгаришсиз қолмоқда.
2021 йил июнь ойида, коронавирус пандемияси даврида (шунингдек, Афғонистонда **«Толибон»**нинг ҳужумкор ҳаракати пайтида) кўприк орқали фуқаролар ҳаракати тўхтатилган — фақат юк ташиш транспортига рухсат берилган эди. Бу тадбиркорларнинг сафарларини сезиларли даражада қийинлаштирган.
Афғонистондаги Мозори Шариф шаҳрига (Ҳайратондан тахминан бир соатлик йўл, 75 км) бориш учун аҳоли ва бизнес Тожикистон орқали айланма йўлдан юришга мажбур бўлган. Тўғридан-тўғри кўприк орқали йўл бир соат атрофида бўлса-да, айланма йўл деярли бир сутка вақт олган. Энди бу чекловлар олиб ташланди ва йўл яна очилди.
Ўзбекистон фуқароларига 2025 йил 24 ноябрдан бошлаб кўприк орқали чегарани кесиб ўтиш имконияти яратилган. Бундан олдин ўзбекистонликлар ва афғонлар асосан бизнес визаси орқали мамлакатлар ўртасида ҳаракатланиши мумкин эди.
ССП маълумотларига кўра, ҳаракатнинг тикланиши экспортчилар учун жиддий қулайликлар яратади. Сўнгги йилларда Афғонистонга экспорт ҳажми мунтазам ўсиб бормоқда ва йўналишнинг очилиши 2026 йилда 2,5 миллиард долларлик кўрсаткичга эришиш учун шароит яратади.
Давлат бизнесга Афғонистон бозорига кириш учун бир қатор рағбатлантирувчи чораларни таклиф этмоқда:
- Ҳайратон ёки Мозори Шарифда омбор очган компаниялар учун омборларни сақлаш харажатларининг 100% компенсацияси;
- Афғонистоннинг барча 34 вилоятида маҳсулотларни реклама қилиш харажатларининг тўлиқ компенсацияси.
ССП тадбиркорларни ушбу имкониятдан фойдаланишга чақирди: «Афғонистон бозори — бу юқори талаб ва паст рақобатга эга бўлган 59 миллион истеъмолчи. Бу қўлдан бой бериб бўлмайдиган ноёб имконият», — дейилади ташкилот хабарида.
Батафсил маълумот олиш учун тадбиркорлар +998 78 150 60 06 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 10 ой ичида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1,5 баробар — 886,3 миллион доллардан 1,3 миллиард долларгача ўсган. Афғонистон бозори Россия, Хитой ва Қозоғистондан кейин Ўзбекистон ўз товар ва хизматларини экспорт қиладиган тўртинчи йирик бозор (1,18 миллиард доллар) ҳисобланади.