
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 ноябрдаги қарорига кўра, Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бош бошқармаси Қўриқлаш департаментига айлантирилди ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) тасарруфига ўтказилди. Бу ҳақда ҳужжатда айтилган.
Полковник Қобил Адилович Шодибеков давлат раҳбарининг фармойиши билан ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти бошлиғининг вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. У аввал Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.
Департамент «Сифат, ишонч, хавфсизлик» тамойили асосида қуйидаги вазифаларни бажаради:
- шартнома асосида давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, таълим муассасаларини, савдо, хизмат кўрсатиш ва қурилиш объектларини замонавий усуллар билан қўриқлашни таъминлаш;
- жамоат жойларида хавфсизликни таъминлашда иштирок этиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга жамоат тартибини сақлаш бўйича қўриқлаш-патруллик хизматларини кўрсатиш;
- қўриқланаётган объектларда ички режим ва назоратни таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятларга йўл қўймаслик чораларини ташкил этиш;
- жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда ички ишлар органларига кўмаклашиш;
- ягона техник қўриқлаш тизимини ривожлантириш ҳамда қўриқлаш хизматлари фаолиятига ахборот-коммуникация ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш.
Қўриқлаш департаментига ўзи қўриқлаётган объектларга ўрнатилган техник воситалар ва хавфсизлик тизимларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, бундай объектларнинг видеокузатув камералари объект маъмурияти билан келишган ҳолда Департаментнинг ахборот тизимларига интеграция қилиниши назарда тутилган.
Қўриқланаётган объектлар ва хонадонлардан келиб тушадиган хавотир сигналлари тўғрисидаги хабарлар бир вақтнинг ўзида ички ишлар органларининг Ягона тезкор бошқарув марказларига, профилактика инспекторлари ва тегишли ҳудуд патруль-пост хизмати нарядларининг планшетларига юборилади.
Жойларда иш самарадорлигини ошириш мақсадида жиноятчилик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда қўриқлаш хизмати инспектори лавозими жорий этилади. У маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктлари таркибига кириб, жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этади.
Жиноятчилик даражаси юқори бўлган ҳудудларда, туризм объектларида ва оммавий дам олиш жойларида департаментнинг қўриқлаш-патруллик нарядлари ташкил этилади. Уларни молиялаштириш маҳаллий бюджетлар ҳисобидан амалга оширилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб қўриқланадиган объектларда — банклар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, ҳокимиятлар ва бошқаларда — кириш ва чиқишда шахсни таниш учун техник воситалар ўрнатилади.
Бу қурилмаларни объектлар ўз маблағлари ҳисобидан сотиб олади. Тизимлар ИИВнинг «Хавфсиз шаҳар» тизимини ривожлантириш маркази» давлат муассасасининг ахборот базалари билан интеграция қилинади.
Ўта муҳим ва тоифаланган объектларга эга вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларга 2026 йил охиригача босқичма-босқич қўриқланадиган объектларни учувчисиз учиш аппаратлари ва учувчисиз учоқларга қарши кураш воситалари билан жиҳозлаш топширилди.
Қарорда давлат ва хусусий таълим муассасалари хавфсизлигини шартнома асосида таъминлашни назарда тутувчи «Хавфсиз таълим» концепциясини жорий этиш кўзда тутилган. Бу йўналишдаги чора-тадбирлар дастури лойиҳаси бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритилиши топширилди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил июль ойида Ички ишлар вазирлигидаги Қўриқлаш бош бошқармаси Миллий гвардия тасарруфига ўтказилган эди.