
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Новороссийск денгиз порти акваториясидаги Халқаро Каспий қувур консорциуми (КҚК)нинг муҳим инфратузилмасига қилинган ҳужум юзасидан норозилик билдирди. Бу ҳақда вазирликнинг расмий вакили Айбек Смадияровнинг 30 ноябрдаги баёнотида айтилган.
Баёнотда ҳужум «фаолияти халқаро ҳуқуқ нормалари билан кафолатланган фақат фуқаролик объектига нисбатан учинчи тажовуз ҳаракати» бўлгани қайд этилган. Қозоғистон энергия ташувчилари етказиб берилишининг барқарорлиги ва узлуксизлигини сақлаб қолиш тарафдори, дейилади вазирлик хабарида.
«Биз ушбу ҳодисани Қозоғистон Республикаси ва Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатларга зарар етказувчи ҳаракат деб ҳисоблаймиз ва Украина томонидан келажакда бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар қабул қилинишини кутамиз», — дейилади баёнотда.
Reuters КҚК акциядорлари Россия, Қозоғистон ва АҚШ эканлигини қайд этади. У Қозоғистондан нефть экспортининг тахминан 80% ини ташкил этади (ўтган йили мамлакат 68,6 миллион тонна нефть экспорт қилган). Нефть қувури Ғарбий Қозоғистондаги конлардан Новороссийсккача боради. Агентликнинг ёзишича, КҚК асосан Қозоғистон нефтини етказиб бериш билан шуғулланса-да, Россияда қазиб олинган нефтни ҳам етказиб беради.
2025 йил 29 ноябрь куни экипажсиз қайиқлар ҳужуми оқибатида КҚКнинг узоқдаги бирлаштириш мосламаларидан бирига жиддий зарар етказилди. «Ундан кейин фойдаланиш мумкин эмас», — дея хабар берди компания. «Юклаш ва бошқа операциялар тўхтатилди, танкерлар КҚК акваториясидан ташқарига олиб чиқилди. КҚК ва пудратчилар ходимлари орасида жабрланганлар йўқ», — дейилади компания баёнотида.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги Киев «Қозоғистон Республикасининг Каспий қувур консорциуми инфратузилмаси бўйича хавотирини инобатга олганини» билдирди.
«Таъкидлаймизки, Украина томонининг ҳеч бир ҳаракати Қозоғистон Республикасига ёки бошқа учинчи томонларга қарши қаратилмаган — Украинанинг барча саъй-ҳаракатлари БМТ Низомининг 51-моддаси билан кафолатланган ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга ошириш доирасида Россиянинг тўлиқ миқёсдаги тажовузини қайтаришга қаратилган», — деди Украина ТИВ.
«Украина Мудофаа кучлари тажовузкорнинг ҳарбий-саноат салоҳиятини тизимли равишда заифлаштирмоқда ва уни жиноий босқинчилик урушини олиб бориш ва халқимизни ўлдириш воситаларидан маҳрум қилмоқда — Украина тажовузкорнинг зарбалари ва ҳужумларига жавобан зарба бермоқда. Қора денгиз минтақасида ва ундан ташқарида беқарорлаштиришнинг ягона омили ва хавфсизлик муаммоларининг сабабчиси Россия агрессияси бўлиб қолмоқда», — дейилади Украина ТИВ баёнотида.