Тимур Кападзе «Навбаҳор» футбол клубини бошқарди

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Тимур Кападзе Наманганнинг «Навбаҳор» футбол клубини бошқарди. Бу ҳақда жамоа матбуот хизмати хабар берди.

44 ёшли мутахассис билан тузилган шартнома муддати ва суммаси аниқлаштирилмаган.

«Клуб раҳбарияти Тимур Кападзенинг тажрибаси, унинг профессионал қарашлари ва футболга замонавий ёндашуви клуб олдига қўйилган мақсадларга эришишда муҳим рол ўйнашига ишонч билдиради. Янги бош мураббий бугундан бошлаб жамоа билан ишга киришади», — дейилади Наманган вилояти ҳокимиятига тегишли бўлган «Навбаҳор» хабарида.

Кападзе 2025 йил январдан октябргача миллий терма жамоага бошчилик қилган. Унинг қўл остида Ўзбекистон саралашнинг учинчи босқичида Қирғизистонни (1:0), Қатарни (3:0) мағлуб этиб, Эрон (2:2) ва БАА (0:0) билан дуранг ўйнаб, тарихда биринчи марта жаҳон чемпионатига чиққан эди.

Шунингдек, Кападзе терма жамоани CAFA Nations Cup турнирида ғалаба қозонишга олиб келди, у ерда Ўзбекистон финалда Эронни мағлуб этиб (1:0), 1994 йилдан бери биринчи марта расмий турнир ғолиби бўлди.

2025 йил октябрь ойида ЎФА миллий терма жамоа бош мураббийлигига италиялик Фабио Каннаварони тайинлади, Кападзе эса унинг ёрдамчиси бўлди. 10 ноябрь куни у лавозимидан озод этилган эди. У маҳаллий клубга тайинланишидан олдин Индонезия терма жамоасига бориши мумкинлиги айтилганди.

2023 йилда Кападзе илк бор Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини Олимпия ўйинларига олиб чиққан эди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2023 йил 24 мартдаги қарорида мамлакатдаги қатор футбол клублари, жумладан, «Пахтакор», «Навбаҳор» ва бошқаларни хусусийлаштириш назарда тутилган.