Тошкентда 2026 йилдан автомобиллар учун эко-стикерлар жорий этилади. Уларни бериш тартиби тасдиқланди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил 28 ноябрь куни автотранспортнинг зарарли чиқиндиларини камайтириш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Экологик транспорт» тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартибини тасдиқлади.

Ҳужжат билан транспорт воситаларини диагностика қилиш ва экологик стикерлар бериш тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, «Ўзбекистон-2030» стратегиясига асосан Евро-5 ва ундан юқори стандартларга жавоб бермайдиган автомобиллардан фойдаланиш Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида 2030 йилгача босқичма-босқич чекланади.

Биринчи босқичда «Экологик транспорт» тизими 2026 йил 1 январдан Тошкентда иш бошлайди.

Ҳужжат қуйидагиларни назарда тутади:

  • атмосфера ҳавосининг ҳақиқий ҳолати ва халқаро тажриба асосида ҳудудларда экологик зоналарни ташкил этиш;
  • электрон экологик харитани шакллантириш;
  • автомобилларни ифлослантирувчи моддалар (углерод оксиди, CO) чиқиндилари нормативларига мувофиқ экологик тоифаларга ажратиш: «тоза» (яшил), «ўртача» (сариқ) ва «зарарли» (қизил).

Тоифа автомобиль экологик синфига («Евро» ёки ўхшаш стандартлар) ёки диагностика текшируви натижаларига кўра аниқланади. Стикерлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) бўлинмаларида автоматик равишда чоп этилади ва рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси билан бирга берилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобилларнинг техник ҳужжатларида уларнинг экологик синфи кўрсатилиши керак.

Экологик синф ҳақидаги маълумотлар электрон рўйхатдан ўтказиш маълумотномаларида акс эттирилади. Ички ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги мамлакатда муомалада бўлган ва ишлаб чиқарилаётган транспорт воситаларининг экологик синфлари тўғрисидаги маълумотларни умумлаштиради ва тасдиқлайди.

Барча маълумотлар ЙҲХХ Ягона автоматлаштирилган тизимининг «Автомототранспорт воситалари ҳисоби» модулига киритилади.

Экологик тоифа қандай аниқланади

Автомобилнинг экологик тоифаси ишлаб чиқарувчи томонидан тасдиқланган экологик синфига кўра аниқланади (янги ва синфи маълум бўлган рўйхатдан ўтган автомобиллар учун).

Агар экологик синф номаълум бўлса, автомобиль диагностикага юборилади, бу ерда чиқиндилар даражаси автоматлаштирилган тизим ёрдамида аниқланади ва ҳисобга олиш модулида қайд этилади.

Диагностика натижалари, оператор ҳақидаги маълумотлар, сана ва вақт онлайн тарзда қайд этилади.

Экологик тоифаси экологик зонага мос келмайдиган транспорт воситалари эгалари кириш чекловлари ёки тақиқларига дуч келади ёки экологик компенсация тўловини тўлашлари керак бўлади.

Тасдиқланган экологик синфга эга автомобиллар қуйидаги тоифаларга киритилади:

  • бензин / газ: Евро-2 ва ундан юқори – «тоза» тоифа, Евро-0 ва Евро-1 – «ўртача»;
  • дизель: Евро-4 ва ундан юқори – «тоза», Евро-3 – «ўртача», Евро-0, Евро-1, Евро-2 – «зарарли»;
  • гибрид автомобиллар, муқобил ёқилғида (газдан ташқари) ҳаракатланувчи автомобиллар, шунингдек, уч ёшдан кичик автомобиллар – «тоза» тоифа.

Автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқаришининг зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативлари.

Автомобиль эгаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • ускунанинг метрологик назорати сертификатини сўраш;
  • натижалардан норози бўлган тақдирда – такрорий диагностикадан ўтиш.

Автомобилнинг экологик тоифасини дастлабки аниқлаш, шунингдек, такрорий (бир йил давомида бир марта), шу жумладан диагностика текшируви ўтказиш ва экологик стикер бериш ИИВ ЙҲХХ бўлинмалари томонидан бепул амалга оширилади.

Ҳар бир кейингиси пуллик бўлиб, нархи 1 базавий ҳисоблаш миқдорини (412 минг сўм) ташкил этади.

Маблағлар қуйидагича тақсимланади:

  • 15% – ЙҲХХ,
  • 15% – ИИВ Инновацион лойиҳалар марказига,
  • 70% – давлат бюджетига.

Стикерларни бериш

Экологик стикерлар қуйидаги ҳолларда берилади:

  • рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказишда (шу жумладан аввал стикер олганларга);
  • фойдаланишда бўлган автомобиллар учун эгасининг ихтиёрий аризасига асосан ИИВ сайти ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали.

Эгаси қуйидагиларни тақдим этиши керак:

  • электрон ариза,
  • рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг электрон нусхаси,
  • стикерни етказиб бериш манзили.

Стикер чоп этилади ва почта орқали юборилади. Почта йиғими – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5% – олдиндан тўланади.

Агар экологик синф аниқланмаган бўлса, аризачига диагностика зарурлиги тўғрисида хабарнома юборилади.

Диагностика ИИВнинг «Инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш маркази» давлат унитар корхонасининг ваколатли ходими – экологик оператор томонидан нормативларни автоматик баҳолаш тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.

Стикерни жойлаштириш ва алмаштириш

Стикер олд ойнанинг пастки ўнг қисмига ёпиштирилади. Уни бошқа жойга қайта ёпиштириш ёки жойлаштириш тақиқланади.

Экологик стикерлар муддатсиз берилади.

Улар қуйидаги ҳолларда пулли асосда қайта расмийлаштирилиши мумкин:

  • эгаси, рўйхатдан ўтиш манзили ўзгарганда, юридик шахс қайта ташкил этилганда;
  • давлат рақами алмаштирилганда;
  • стикер шикастланганда ёки ўқиш имконияти йўқолганда;
  • олд ойна шикастланганда.

Низом талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

  • транзит ва Ўзбекистонда вақтинча бўлган (90 кунгача) транспорт воситалари;
  • электромобиллар, электромотоцикллар, скутерлар, мопедлар, уч ғилдиракли ТС;
  • тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари (маячокли) ва жамоат транспорти (такси ва йўналишли таксилардан ташқари);
  • қишлоқ хўжалиги техникаси ва «Ногиронлиги бўлган шахс» белгисига эга автомобиллар.

Дастлаб эко-стикерларни бериш 2024 йил 1 июндан бошланиши режалаштирилган эди, аммо Вазирлар Маҳкамаси бу жараённи 2025 йил 1 мартга, сўнгра 2026 йилга қолдирди.

2025 йил 22 ноябрь куни Миллий экология қўмитаси тақдимотида Тошкентда стикерларни 2026 йил 1 апрелдан жорий этиш режалаштирилгани айтилган эди.

Ҳар куни шаҳар бўйлаб 1 миллионга яқин транспорт воситаси ҳаракатланади: 650-700 мингта автомобиль рўйхатга олинган, яна 300-350 мингтаси вилоятлардан кириб келади. Беш йил олдин бу рақам икки баравар кам эди: тахминан 300-350 мингта машина рўйхатга олинган, вилоятлардан эса 100 мингга яқин машина келарди.

34% ёки 264 мингта автомобиль 2010 йилгача, 9,6% ёки 75 мингтаси 2000 йилгача ишлаб чиқарилган. 2015-2020 йилларда ишлаб чиқарилган машиналар сони 394 мингтани (50,3%) ташкил этади. Сўнгги йилларда электромобиллар ва гибрид автомобиллар сони ортиб бормоқда (уларнинг улуши 2,4% ёки 18474 тани ташкил этади), шунингдек, катта миқдордаги машиналар газда юради.

«Виртуал стикерлар»

Kurbanoff.net блоги муаллифи Шуҳрат Қурбонов экологик стикерлар берилишининг бошланишига изоҳ берар экан, Ўзбекистонда электромобиллар учун алоҳида турдаги давлат рақамлари аллақачон амал қилишини эслатди. Унинг сўзларига кўра, мавжуд механизмларни ҳисобга олмасдан, бундай ташаббус экологик муаммолар фонида монетизацияга уриниш бўлиб кўриниши мумкин.

«На бегу» канали муаллифи Малик Каримов рақам белгиларининг рангли фарқланишидан ташқари, ЙҲХХнинг рақамлаштирилган маълумотлар базаси ҳам мавжудлигини, бу давлат рақами орқали нафақат автомобиль маркасини, балки двигатель турини – ИЭС, электромотор ёки гибрид қурилма эканлигини аниқлаш имконини беришини таъкидлади.

Каримов мисол тариқасида тонировка учун физик стикерлардан воз кечилганини келтирди. Унинг сўзларига кўра, тонировкага рухсат берилганидан кейинги дастлабки йилларда ҳайдовчиларга мовий ва яшил рангли стикерлар берилган, бироқ кейин инспекторларда ягона базага кириш имконияти бўлган планшетлар пайдо бўлгач, улар бекор қилинган.

«Менинг ҳиссиётимча, экологик стикерларни қайтариш тарафдорлари ҳукуматнинг илғор қисми тарғиб қилаётган рақамлаштириш даражасини ҳисобга олишмаяпти. Мен стикерлар тарафдориман, лекин – виртуал», – дея хулоса қилди.

Таъкидлаш жоизки, баъзи Европа мамлакатларида (масалан, Нидерландияда) физик эко-стикерлар ўрнига рақамли ёки тўлиқ виртуал тизимлар қўлланилади, бунда автомобилнинг экологик зонага мувофиқлигини аниқлашда рақамларни автоматик ўқиш ва онлайн маълумотлар базасидан фойдаланилади.