
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида шаҳар маҳаллаларидан биридаги ҳоким ёрдамчиси пора олишда гумонланиб қўлга олинди, дея хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
Хабар қилинишича, аввал бир неча бор судланган давлат хизматчиси Тошкент шаҳри фуқаросини Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармасидаги таниш мансабдор шахслари орқали ишга жойлаштиришни ваъда қилган. У бу «хизмат» учун 2000 доллар сўраган.
Мазкур шахс ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан сўралган суммани танишлари орқали олаётган вақтида ушланган.
Ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (фирибгарлик, мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган) ва 28-моддаси (жиноят иштирокчиларининг турлари) орқали 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. У ҳибсга олинган. Тергов олиб борилмоқда.