Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 05/12/2025

Ўзбекистонда «Беш миллион сунъий интеллект етакчиси» лойиҳаси ишга туширилди

Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда 2025 йил 29 ноябрь куни «Беш миллион сунъий интеллект етакчиси» лойиҳасини ишга туширди. Тошкентда бўлиб ўтган сунъий интеллект бўйича халқаро форум доирасидаги маросимда президент Шавкат Мирзиёев ва БАА Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдулла ал-Гергави иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев лойиҳани «Бир миллион дастурчи» дастурининг мантиқий давоми деб атади. «Бу шунчаки дастур эмас, балки ёшларимиз учун янги имкониятлар уфқи», — деди.

Лойиҳа доирасида 2030 йилгача 4,75 миллион мактаб ўқувчиси ва талаба, 150 минг ўқитувчи ва 100 минг давлат хизматчисини ўқитиш режалаштирилган. Сунъий интеллект мактаб, профессионал ва олий таълимга интеграция қилинади.

«Ишончим комилки, «Беш миллион сунъий интеллект етакчиси» дастури иқтисодиёт драйверига айланади ва мамлакатимизнинг жадал ривожланишига кучли туртки беради», — дея қайд этди президент.

Шавкат Мирзиёев ҳар йили ноябрь ойини ёшлар учун сунъий интеллект ойи деб эълон қилишни ва унинг доирасида «Ипак йўли сунъий интеллект форуми»ни ўтказишни таклиф қилди.

Форумда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти бугунги кунда сунъий интеллект тор ихтисослашган восита эмас, балки иқтисодиётнинг барча соҳаларига, давлат бошқаруви тизимига ва кундалик ҳаётга чуқур кириб борувчи фундаментал омилга айланаётганини таъкидлади.

«Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида цивилизациямизни улуғлаган буюк олимлар – Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек алгоритмлар, математика ва мантиқ ривожига улкан ҳисса қўшиб, сунъий интеллект соҳасидаги ҳозирги тараққиётга асос солган, десак муболаға бўлмайди», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

У, «бу бебаҳо илмий мероснинг ворислари сифатида, янги технологияларга очиқ бўлишимиз ва уларни мамлакатни янада ривожлантиришнинг қудратли таянчига айлантиришимиз керак», — дея урғулади.

2024 йил октябрь ойида Ўзбекистонда Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилгача ривожлантириш миллий стратегияси қабул қилинган эди.

Яқинда Англия ҳуқуқига асосланган махсус режимда ишловчи Халқаро рақамли технологиялар маркази ташкил этилди.

БААдаги One Million Arab Coders дастурига ўхшаш тарзда 2019 йилда ишга туширилган «Бир миллион дастурчи» дастури доирасида 2 миллиондан ортиқ ёшлар ўқитилди.

Президент форумда иштирок этаётган халқаро ташкилотлар ва етакчи жаҳон компанияларини Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликка чақирди.

Хорижий экспертларнинг баҳолашича, сунъий интеллект технологиялари яқин беш йил ичида Ўзбекистон иқтисодиётида камида 10 миллиард доллар миқдорида қўшимча қиймат яратиши мумкин.

2030 йилгача мамлакат IТ-хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш ва ёш мутахассислар учун минглаб юқори даромадли иш ўринлари яратишни мақсад қилган.

Сунъий интеллект экотизимини жорий этиш мақсадида келаси йил АҚШнинг Nvidia компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда йирик суперкомпютер кластери ишга туширилади.

«Бизнинг стратегик мақсадимиз – Ўзбекистонни нафақат замонавий технологиялар истеъмолчисига, балки уларни яратадиган, экспорт қиладиган ва глобал бозорда муваффақиятли рақобатлаша оладиган мамлакатга айлантиришдир, — деди президент. — Мамлакатимизнинг ўзига хос ишланмаларини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш мақсадида биз АҚШнинг Кремний водийсида Миллий технологиялар трансфери офисини очамиз ва ёш мутахассисларимиз ҳамда стартап асосчиларининг етакчи компаниялар, инвесторлар ва акселераторлар билан тўғридан-тўғри алоқаларини таъминлаймиз».

Сунъий интеллект билан ишлаш кўникмалари нафақат мактабларда, балки барча ҳудудлардаги «Келажак» марказларида ҳам ўргатилади.

Ҳар йили мактаблар ўртасида сунъий интеллект соҳасидаги энг яхши стартап ғоялари учун танлов ўтказилади. 14 та ҳудуддаги ғолиб мактабларда сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилади ва ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, Сунъий интеллект бўйича Президент танлови таъсис этилади. Ҳар йили АҚШ, БАА ва Европанинг технология компанияларида стажировкадан ўтиш учун 100 нафар истиқболли мутахассис танлаб олинади. Иккинчи босқичда худди шундай тизим олий таълим муассасалари учун жорий этилади.

Юқорида қайд этилган вазифаларни амалга ошириш учун 100 миллион доллар ажратилади, дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев.