Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 04/12/2025

Ўзбекистонда «иш ҳақи қуллиги» тизимини бекор қилишга тайёргарлик кўрилмоқда

Ўзбекистонда 2025–2026 йилларда молия бозорида рақобатни ривожлантириш, тўлов инфратузилмасини кенгайтириш ва транзакциялар хавфсизлигини оширишга қаратилган янги механизмлар жорий этилади. Бу чоралар президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган финтех соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича «йўл харитаси»да назарда тутилган.

Иш ҳақини олиш учун банкни эркин танлаш

Бугунги кунда Ўзбекистонда иш берувчи маълум бир банк билан шартнома тузадиган амалиёт мавжуд. Ходимлар иш ҳақини айнан ўша банкдан олишга мажбур.

2025 йил декабрига қадар Марказий банк фуқароларга иш ҳақини оладиган банк ёки электрон провайдерни мустақил равишда танлаш имконини берувчи чораларни ишлаб чиқади. Бу чакана банк хизматлари ва тўлов тизимлари бозорида рақобатни рағбатлантириши керак.

2026 йил июнь ойигача Марказий банк давлат тўлов тизимларида оммавий (параллель) тўловлар функциясини жорий этади, бу эса иш берувчиларга иш ҳақи ўтказмаларини бир вақтнинг ўзида турли банкларга йўналтириш имконини беради.

Мобил телефон рақами орқали тўғридан-тўғри ўтказмалар

2026 йил февраль ойигача Марказий банк тезкор тўловлар тизимида янги хизматни: жисмоний шахслар ўртасида мобил телефон рақами орқали P2P-ўтказмаларни жорий этиши керак.

Бу функция тўлов хизматлари провайдерларига Open API орқали тақдим этилади, бу эса исталган иловалар билан интеграцияни таъминлайди.

2025 йил Апрель ойида Марказий банк Тўлов тизимлари департаменти директори ўринбосари Миразиз Мирҳаётов регулятор ҳозирда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар фойдаланаётган Тезкор тўловлар тизимига жисмоний шахсларни ҳам улашни режалаштираётганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай тизимни яратиш ижтимоий соҳага қаратилади.

Миллий тўлов свитчи

Тўлов инфратузилмасининг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун «тўлов свитчи» тизими — миллий валютадаги барча транзакцияларни Марказий банк орқали ягона маршрутлаш нуқтаси яратилмоқда.

Марказий банк қуйидагиларни амалга ошириши керак:

  • 2026 йил январь ойигача хорижий тўлов свитчлари моделларини ўрганиш ва лойиҳанинг техник топшириғини тайёрлаш;
  • 2026 йил март ойигача халқаро ва маҳаллий операторларни (жумладан, электрон ҳамёнларни) Марказий банкнинг ягона шлюзи орқали ишлашга мажбур қиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2023 йил май ойида Humo тўлов тизими халқаро карталар бўйича операцияларни қайта ишлаш бўйича миллий шлюзни ишга туширган эди. Ўшанда ўзбекистонлик банклар томонидан чиқарилган Visa, Mastercard ва UnionPay карталари орқали тўловлар халқаро тўлов тизимларининг хорижий серверлари орқали қайта ишланиши, бу халқаро интернет трафигини талаб қилиши ва транзакциялар тезлиги ҳамда хавфсизлигида хавф туғдириши ҳақида хабар берилган эди.

Humo миллий шлюзининг пайдо бўлиши ушбу жараённи қисман мамлакат ичида маҳаллийлаштирди, бу эса маълумотларнинг қўшимча ҳимоясини таъминлади ва банклар харажатларини камайтирди. Шунингдек, бу маҳаллий транзакциялар уларнинг инфратузилмасидан ўтмаганлиги сабабли, банклараро тўлов тизимларига комиссия тўловларини камайтириши керак эди.

2024 йил охирида Humo Paynet тўлов хизматини хусусийлаштирди.