Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 04/12/2025

2025 йил 1 декабрдан Ўзбекистонда нималар ўзгариши керак?

2025 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда қонунчиликдаги қатор ўзгаришлар ва бошқа янгиликлар кучга кирди.

Сейсмологик онлайн-платформа ишга туширилиши

Рақамлаштириш йўли билан сейсмологик онлайн-платформа ишга туширилади. У қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • илмий таҳлил асосида мамлакат ҳудудларини сейсмик хавф даражаси бўйича таснифлашни назарда тутувчи умумий сейсмик ва батафсил районлаштириш хариталари;
  • туман ва шаҳар марказларининг макросейсмик баллдаги микрорайонлаштириш хариталари;
  • мамлакат ҳудудидаги мавжуд фаол тектоник ёриқлар хариталари.

Сейсмологик онлайн-платформа «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими билан интеграция қилинади. Сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилган бино ва иншоотлар ушбу платформадаги кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилади.

Дори воситаларига электрон рецепт бериш бошланиши

2025 йил 10 декабрдан Тошкент шаҳри ва 15 та туманда дори воситаларига электрон рецепт бериш бошланади. 2026 йил охиригача ушбу тизим барча тиббиёт муассасалари ва дорихоналарни қамраб олади. Шифокорлар дориларни халқаро патентланмаган номлари, дозаси ва қўллаш усули билан ёзиб берадилар.

ФҲДЁ никоҳ тузишда тиббий кўрик натижаларининг қоғоз нусхасини ва ажрашишда суд қарорини талаб қилмаслик

Идоралараро ахборот алмашинуви жорий этилиши ҳисобига ФҲДЁ томонидан никоҳ тузаётган шахслардан тиббий кўрик натижаларини, суд қарори асосида ажрашганда эса суд қарорини тақдим этишни талаб қилиш бекор қилинади.

Айни шу санадан бошлаб чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларнинг яшаш жойи, ўқиш жойи, иш жойи ва лавозимидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни мудофаа органларига тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.

Автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасида транспорт эгасининг манзили энди кўрсатилмайди.

Нотариуслар никоҳ шартномаларининг асл нусхаларини талаб қилишдан тўхташи

«Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимига никоҳ шартномаларининг нусхасини мажбурий юклаш тартиби жорий этилиши ҳисобига нотариуслар томонидан никоҳ шартномаларининг асл нусхасини талаб қилиш бекор қилинади.

Бундан ташқари, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнини қайд этишнинг аудио ва видеоёзувлари файл-ларини электрон ташувчиларда сақлаш тартиби бекор қилинади. Шу билан бирга, бу турдаги аудио ва видеоёзувлар файлларини тўғридан-тўғри нотариал ҳаракатларга бириктириш ва уларни «Нотариус» тизимида сақлаш имконияти яратилади.

«Истеъмолчи — тадбиркор — ННТ — давлат органлари» тизими ишга тушади

Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш мақсадида «истеъмолчи — тадбиркор — ННТ — давлат органлари» тизими жорий этилади. «Истеъмолчи мурожаати» ахборот тизими Рақобат қўмитаси ҳузурида ишлайди. У орқали истеъмолчилар шикоятларни юборишлари, кўриб чиқиш мақомини кузатишлари, давлат органлари ва бизнес эса мониторингнинг барча босқичларини кўришлари мумкин бўлади. У Солиқ қўмитасининг ахборот тизими билан интеграция қилинади. Бу тадбиркорларни уларнинг фаолиятига боғлиқ келиб тушган шикоятлар ҳақида автоматик равишда хабардор қилиш имконини беради.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш бўйича платформа ишга туширилади

Фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш бўйича платформа ишга туширилади.

Экология вазирлиги маълумотлар базаси жамоатчилик учун очиқ бўлади

Экология вазирлиги 2025 йил декабрь ойи бошидан атроф-муҳит давлат мониторинги маълумотлар базасига очиқ киришни таъминлайди ва қуйидаги маълумотларни жойлаштиради:

  • «Яшил макон» лойиҳаси доирасида экилаётган дарахтлар ва кўчатлар тўғрисида (манзиллар, масъуллар, турлари);
  • дарахт ва буталарни кесиш бўйича аризалар, шунингдек, ўтказилган жамоатчилик муҳокамалари тўғрисида;
  • норуда материалларни қазиб олишга қўйилган мораторийни бузганлар тўғрисида;
  • экологик масалалар ва объектларнинг стратегик экологик баҳоланиши бўйича жамоатчилик муҳокамалари натижалари тўғрисида;
  • аниқланган қонунбузарликлар ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисида;
  • қаттиқ чиқиндиларни олиб чиқиш учун санитария-тозалаш корхоналари тўғрисида (раҳбарлар маълумотлари, телефонлар, олиб чиқиш режа-жадвали);
  • муқобил энергия ишлаб чиқариш учун чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари тўғрисида (номи, фаолият тури, алоқалар, хомашё қабул қилиш пунктлари).

АИ-80 бензини савдоси тақиқланади

Ёнилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 бензини сотилишининг олдини олиш бўйича қаттиқ назорат олиб борилади. 2025 йил 1 октябрдан уни ишлаб чиқариш тўхтатилган эди.

«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» кафолат ва кафилликлар беришни бошлайди

«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» қуйидагиларга кафолат ва кафилликлар тақдим этади:

  • йирик корхоналарга — 10 миллиард сўмгача (кредит/лизинг суммасининг 50 фоизидан ошмаган ҳолда);
  • кенг кўламли «яшил» ва ишлаб чиқариш лойиҳаларига — кузатув кенгаши қарорига кўра;
  • яхши кредит тарихига эга тадбиркорларга — кафиллик ҳажми 1,5 баравар оширилган ҳолда;
  • гаров таъминотидаги етишмовчиликни қоплаш учун.

Алоҳида акциядорлик жамияти — кафолат бериш ташкилоти тузилади, унга компаниянинг тегишли функциялари ўтказилади.

Пойтахтдаги «Эски Жўва» ва Миробод бозорлари электрон тўловларга ўтади

Тошкентдаги «Эски Жўва» ва Миробод бозорларида қуйидаги тўловлар электрон шаклда қабул қилинади: бир марталик йиғим, инвентарни ижарага олиш ва кўрсатилган хизматлар учун тўлов, бино ва иншоотлардан фойдаланиш ижараси, шунингдек, умумий фойдаланиш объектларини сақлаш бўйича хизматлар учун тўловлар.

Юкларни соддалаштирилган расмийлаштириш модули ишга туширилади

«Толлинг операциялари» модули ишга тушади, у божхона ҳудудида ва божхона ташқарисида қайта ишлаш режимларида юкларнинг божхона декларацияларини соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш имкониятини беради.

Хусусий суд экспертларига якка тартибда фаолият юритишга рухсат берилади

Нодавлат суд экспертларига суд-эксперт бюроси шаклида якка тартибда ишлаш ҳуқуқи берилади.

Агропорталда қишлоқ хўжалиги ерларини иккиламчи ижарага бериш хизмати ишга туширилади

Агропорталда қишлоқ хўжалиги ерларини иккиламчи ижарага бериш бўйича хизмат жорий этилади:

  • иккиламчи ижарага бериладиган ерларни аниқлаш, ижара шартномаларини тузиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва тўловларни амалга ошириш;
  • иккиламчи ижарага берилаётган ерларда маҳсулот етиштириш учун кредит олишга ҳужжатларни расмийлаштириш.

Яйловларни бошқариш учун электрон платформа ишга туширилади

2025 йил декабрь ойидан бошлаб яйловлардан самарали фойдаланишни назарда тутувчи E-yaylov электрон платформаси ишга тушади.

Платформа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Кадастр агентлиги, Ўзгидромет ва «Ўзбеккосмос» агентлигининг автоматлаштирилган ахборот тизимлари билан интеграция қилинади, бу яйлов ер участкалари тўғрисидаги маълумотларни бирлаштириш имконини беради.

Туризм соҳаси ходимларининг малакасини ошириш

Туризм соҳаси субъектлари мутахассислари Халқаро туризм академиясининг Самарқанд кампусида шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтадилар.

Ҳар йили Жаҳон туризм ташкилотига аъзо давлатларнинг 100 нафар иқтидорли мутахассисига академиянинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурлари бўйича таълим олиш учун махсус грантлар ажратилади.