Самарқанд вилоятида бетонлаштирилаётган канал бўйида 1000 га яқин дарахт кесиб ташланди

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида Оқтепа канали бетонлаштирилаётган вақтда 1000 га яқин дарахт кесиб ташланди, деб хабар берди Sevimli телеканалининг «Замон» дастури.

Сўнгги ҳафталарда 23 км дан ортиқ масофага чўзилган каналдаги сув вақтинча тўхтатилган ва бетонлаштириш ишлари бошланган. «Килдон», «Ўроқли», «Гулзор» ва «Мингчинор» маҳаллалари орқали ўтган канал бўйидаги кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланган.

Экология ва иқлим ўзгаришлари бўйича Миллий қўмита раисининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев вазиятни ўрганиш учун туманга борди. У амалдаги мораторийга қарамай, турли кўп йиллик дарахтлар — терак, тол, тут ва ёнғоқ кесилганини айтди.

«Бутун республикада сув танқислиги кузатилаётган, ер ости ва грунт сувлари ҳам камайиб бораётган бир пайтда бу ҳолат содир бўлмоқда. Дарахт экилгандан сўнг уни гуллатгунча, бундай ҳолатга етказгунча жуда қийин… Табиатга етказилган зарар жуда катта. Яшиллик ва тоза ҳавони асраш муҳим бўлган ҳозирги даврда бундай дарахтларнинг кесилиши оддий ваҳшийликдир», — деди.

Хабар қилинишича, дарахтларнинг бир қисмини кесишни канал бошқарувчиси канал бўйида яшовчи фуқароларга топширган. Фуқароларга бу президент қарори асосида амалга оширилаётгани айтилган.

Фуқароларнинг сўзларига кўра, кесилган таналар уларга қолдирилган, дарахтлар учун тўланган пулнинг ярмини эса «Мирза-Пай» ирригация тизимлари бошқармасига бериш талаб қилинган.

Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида канал бўйидаги дарахтларни кесиш тўхтатилганини маълум қилди. Экологлар вазиятни ўрганмоқда.

Ўзбекистонда 2022 йилдан буён давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни, шунингдек, қимматли турларни кесишга муддатсиз мораторий амал қилмоқда.

Яқинда қабул қилинган президент қарори билан мамлакатда экологик нормаларни бажаришдан озод этувчи ҳужжатларни бериш тақиқланди. Хусусан, дарахт ва буталарни кесиш ва кўчиришни назарда тутувчи ҳукумат қарорлари ва бошқа ҳужжатларини, шунингдек, ҳокимликлар қарорларини қабул қилиш тақиқланди.

2026 йил апрель ойидан Ўзбекистонда фуқаролар томонидан ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ўсаётган аҳоли пунктларининг ер майдонларини олиб қўйиш ёки бошқа мақсадларга ажратишга жамоатчилик томонидан тақиқ қўйиш ташаббусини киритиш имконияти яратилади.