
Шахмат бўйича миллий терма жамоа аъзоси Жавоҳир Санжарбекович Синдаровга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони берилди. Бу ҳақдаги фармонни президент Шавкат Мирзиёев имзолади.
Жаҳон кубоги соҳиби бўлган 19 ёшли гроссмейстер Президент совғаси — уч хонали квартира билан ҳам тақдирланади, унинг мураббийларига эса пул мукофоти берилади.
Унвон «мамлакатимизда шахмат спортини янада ривожлантириш, уни аҳоли орасида оммалаштириш ишига қўшган катта ҳиссаси, Ватанга фарзандлик бурчига садоқати, фидойилик, юксак ирода, маҳорат ва ватанпарварлик намунасини кўрсатгани, мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб, жаҳон миқёсида юксак натижаларга эришгани, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва миллий ғурур руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун» берилди, дейилади давлат раҳбари фармонида.

