Маҳмуд Истамов яна Ўзбекистон адлия вазирининг биринчи ўринбосари бўлди

Маҳмуд Истамов (чапда), Миржалол Аллақулиев

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан Маҳмуд Шуҳратович Истамов адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бунгача у адлия вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган эди.

У 1979 йилда туғилган. Маълумоти бўйича — ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси. 2000 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Адлия вазирлигида бошлаган. 2006 йилдан 2017 йилгача Президент аппарати хизматларида турли лавозимларда ишлаган.

2017–2019 йилларда адлия вазири ўринбосари ва биринчи ўринбосари бўлган. 2019 йил ёзида Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари этиб сайланган. 2021–2024 йилларда Бухоро вилояти прокурори, 2024–2025 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аппарати раҳбари лавозимида ишлаган.

Миржалол Давронбекович Аллақулиев адлия вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу тайинловга қадар у Адлия вазирлигининг Қонунчилик департаменти бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

У 1988 йилда Хоразм вилояти Хива туманида туғилган. 2012 йилда Тошкент давлат юридик институтининг бакалавриатини, 2014 йилда магистратурасини, 2024 йилда эса Банк-молия академиясининг магистратурасини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2008 йилда Адлия вазирлиги аппаратида қабулхона котиби лавозимида бошлаган ва ўшандан бери вазирликда турли лавозимларда ишлаб келган.