
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 ноябрь куни Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасидаги стадионда бўлиб ўтган Президент Олимпиадаси мусобақаларининг очилиш маросимида иштирок этди.
«Биринчи марта мамлакатимизда ўтказилаётган, бутун республика ёшларини олимпия ҳаракати қадриятлари атрофида бирлаштирган ушбу спорт байрами билан барчангизни табриклайман», — деди давлат раҳбари иштирокчиларга йўллаган мурожаатида.
У бугунги кунда спорт оламида ҳам, бошқа барча соҳаларда ҳам шиддатли рақобат кетаётганини таъкидлади. Бу эса нуфузли спорт мусобақаларига, жумладан, Олимпия ўйинларига тайёргарлик тизимини такомиллаштиришни талаб этади.
Мусобақаларнинг туман ва вилоят босқичларида мактабларнинг спорт секциялари, хусусий спорт клублари ва 310 та спорт мактабидан 100 мингдан зиёд ўғил-қизлар иштирок этди.
Олимпиадага энг юқори натижаларга эришган 3000 нафардан ортиқ ёшлар ташриф буюрди. Улар 10 та спорт тури бўйича беллашувларни бошлади.
Ғолиблар тўғридан-тўғри миллий терма жамоаларга йўналтирилади. Улар Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича тайёрлаш марказларига қабул қилинади ҳамда ҳар бирига стипендия берилади.
Келгуси йилдан сув спорти турлари, велоспорт, триатлон, қиличбозлик ва жамоавий спорт турлари бўйича ҳам мусобақалар қўшилиб, спорт турлари сони 20 тага етказилади.
Келгуси йили Ўзбекистонда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионати, 2029 йилда эса ёшлар Осиё ўйинлари бўлиб ўтишини ҳам эслатди президент.
«Президент олимпиадалари тизими бундай мусобақаларда қатнашадиган етук спортчиларни саралашга, хусусан, Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган 2028 йилги Олимпия ўйинларига ҳар бир ҳудуддан лицензиялар сонини оширишга, шубҳасиз, хизмат қилади», — деди.
Шавкат Мирзиёев спортнинг тарбиявий аҳамиятига тўхталиб ўтди. У турли бузғунчи ғоялар ва ахборот таъсирлари кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда ҳар томонлама соғлом ёш авлодни тарбиялаш масаласи биринчи даражали аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Маросимдан сўнг президент шахматчи Жавоҳир Синдаров билан телефон орқали мулоқот қилиб, гроссмейстерни Ҳиндистондаги шахмат бўйича Жаҳон кубогидаги ғалабаси билан табриклади. У спортчига келгуси йили Кипрда бўлиб ўтадиган Даъвогарлар турнирида муваффақиятлар тилади.

