
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 2025 йил 25 ноябрдаги мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди, деб хабар берди палата матбуот хизмати.
Одометр кўрсаткичларини ўзгартирганлик учун жавобгарлик
Лойиҳада транспорт воситасини сотишдан олдин харидорга одометр — транспорт воситасининг юрган масофасини кўрсатувчи қурилма кўрсаткичлари ўзгартирилганлиги ёки унинг алмаштирилганлиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этмаганлик учун жавобгарлик чораларини белгилаш назарда тутилган. Ҳужжат аввалроқ жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.
Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Шаҳноза Жўлдасова ишлатилган автомобилларни юқори нархда сотиш мақсадида одометр кўрсаткичларини қалбакилаштириш ҳолатлари тез-тез кузатилаётганини таъкидлади.
«Маълумки, одометр кўрсаткичи автомобиль нархини 30 фоиздан кўпроқ ошириши мумкин. Бу нархнинг сунъий равишда оширилишига ва истеъмолчи ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади», — деди.
Юрган масофа ҳақидаги маълумотларни яшириш янги эгасини автомобиль техник ҳолати ҳақида тўлиқ маълумот олиш имкониятидан маҳрум этади, зарур таъмирлаш ва эҳтиёт қисмларини алмаштиришни кечиктиради, бу эса ҳам ҳайдовчи, ҳам бошқа йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлиги учун таҳдид туғдиради, дея қайд этди депутат.
Енгил автомобиллар бозорининг катта улуши иккиламчи сегментга тўғри келади. Агар ҳар йили ўртача 312 мингта автомобиль бирламчи бозорда сотилса, иккиламчи бозорда бу кўрсаткич 1,1 миллионтага етади, деди.
Вояга етмаганлар иштирокидаги ишларда педагог ёки психологнинг мажбурий иштироки
Қонун лойиҳаси вояга етмаганлар иштирокидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда педагог ёки психологнинг мажбурий иштирок этишини назарда тутади.
Шаҳноза Жўлдасованинг таъкидлашича, малакали ҳамроҳликнинг йўқлиги вояга етмаган жабрланувчининг ишнинг барча ҳолатларини ошкор қила олмаслигига, жараён иштирокчиларидан уялишига, жамиятнинг икки хил муносабатидан қўрқишига ва психологик босимни ҳис қилишига олиб келиши мумкин.
У «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, жабрланувчи бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлигини эслатди.
Бундай ишларни кўриб чиқишда педагог ёки психологнинг иштирокини таъминлаш маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли органлар (мансабдор шахслар) зиммасига юкланади.
Судья ёки мансабдор шахс иштирокидан воз кечиш ҳуқуқи
Ўзгартиришлар маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахсга, жабрланувчига, адвокатга ва қонуний вакилга судья ёки мансабдор шахс иштирокидан воз кечиш ҳуқуқини беришни ҳам назарда тутади, шунингдек, уларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритишда иштирок этишига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар белгиланади.
«Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 62-моддасига кўра, судья манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда ўзини ўзи рад этиш тўғрисида ариза бериши ва суд жараёни иштирокчиларини хабардор қилиши шарт.
Махсус ҳуқуқлардан маҳрум этиш муддатини қисқартириш тартиби
Қонун лойиҳасида махсус ҳуқуқлардан маҳрум этиш муддатини қисқартириш тўғрисидаги илтимоснома қуйидаги ҳолларда киритилиши мумкинлиги белгиланмоқда:
- 1,5 йилгача бўлган муддатга маҳрум этилганда — муддатнинг ярми ўталгандан сўнг;
- 1,5 йилдан 3 йилгача бўлган муддатга маҳрум этилганда — муддатнинг учдан икки қисми ўталгандан сўнг.
Шунингдек, бундай илтимосномаларни бера олмайдиган шахслар тоифаси ҳам белгиланмоқда.
Депутатнинг сўзларига кўра, махсус ҳуқуқларни тиклашнинг амалдаги механизмида камчиликлар мавжуд. Хусусан, суд муддатни қисқартириш масаласини ҳал қилишда таяниши керак бўлган объектив ҳолатлар белгиланмаган.
«Бундан ташқари, махсус ҳуқуқлардан маҳрум этиш муддатини қисқартириш тўғрисидаги илтимосноманинг ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахснинг ўзи эмас, балки корхона, муассаса ёки ташкилот маъмурияти томонидан киритилиши коррупция учун шароит яратиши мумкин», — деди Шаҳноза Жўлдасова.

