
Чирчиқ туманлараро иқтисодий суди 2025 йил 26 ноябрь куни Тошкент вилоятидаги Maxam-Chirchiq кимё заводининг фаолиятини аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар берди.
Судга даъво аризасини Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (ўтган ҳафтада Экология қўмитасига айлантирилган) киритган.
Таъкидланишича, корхона фаолиятини табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан ўтказилган текширув давомида 11 та қоидабузарлик аниқланган.
Улар орасида чанг-газ тозалаш ускуналари ишининг самарадорлиги норматив ҳужжатлар талабларига мос келмаслиги, белгиланган нормативдан ортиқча ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши, кимёвий моддаларни ажратилган ҳудудда жойлаштирмаслик, сув объектларига нормативдан ортиқча кимёвий моддалар ташланиши, шунингдек, компенсация тўловларининг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда киритилмаганлиги мавжуд.
Ўзбек-испан қўшма корхонаси бўлган Maxam-Chirchiq Ўзбекистон кимё саноатидаги энг йирик заводлардан бири.
Ўтган ҳафтада Экология қўмитаси саноат корхоналаридан 2025 йил 1 декабргача атмосферага зарарли моддалар чиқарилишини 2 баравар қисқартиришни талаб қилган эди.

