
Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Тахтапул мавзесидаги 1-сонли юқумли касалликлар шифохонаси ҳудудида сувнинг микрозаррачаларини катта масофаларга пуркайдиган дисперсион қурилма ўрнатилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳокимият мутахассислари шаҳарларда чангланишни камайтириш ва ҳаво сифатини яхшилаш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганаётганини айтди. Айнан мана шу қурилмани танлаш ишлари Саудия Арабистони, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликлари тажрибасини ҳисобга олган ҳолда олиб борилди.
«Таъминотчиларни қидириш ва жалб қилиш жараёни октябрь ойида бошланган эди, лекин логистика тартиб-қоидалари ва ишончли ишлаб чиқарувчини танлаш вақт олди. Дастлаб экспериментал эксплуатация муддати 15 кунга режалаштирилган эди, бироқ мавжуд вазиятни ҳисобга олиб, амалий самарадорликни, шунингдек, энергия ресурслари ва сув сарфини тезкор баҳолаш учун бу муддатни 3-5 кунгача қисқартириш таклиф этилди», — дейишди ҳокимиятда.
Ҳозирча бундай қурилма битта. Янги жойларни танлашда мавжуд техник шароитлар, ижтимоий объектлар — тиббиёт муассасалари, таълим объектларининг жойлашуви, шунингдек, одамлар оқими ҳисобга олинади.
Аввалроқ, шаҳарда ҳавони намлаш учун ҳокимият томонидан 50 дан ортиқ фавворалар қайта ишга туширилгани, 70 дан ортиқ суғориш техникаси жалб этилгани, сув пуркаш ишлари қурилиш объектларида ҳам амалга оширилаётгани, уларнинг бир қисмининг иши қоидабузарликлар туфайли тўхтатилгани хабар қилинганди.

