
Ўзбекистон ҳукумати соғлиққа зарарли маҳсулотлар истеъмолини камайтиришга қаратилган янги солиқ чораларини жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026–2028 йилларга мўлжалланган бюджет хабарномасидан келиб чиқади.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб 1 кг картошка чипслари учун 15 минг сўм миқдорида акциз солиғини жорий этиш таклиф этилмоқда. Буни маҳаллий ишлаб чиқарувчи юридик шахслар ва ушбу маҳсулотларни импорт қилувчилар тўлайди.
Вазирликнинг таъкидлашича, таклиф Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ортиқча вазн билан курашиш чораларини кучайтириш бўйича тавсиялари ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг соғлом овқатланишни қўллаб-қувватлаш бўйича тавсиялари асосида ишлаб чиқилган.
Шу билан бирга, шакар ва ширинлаштирувчи моддаларни ўз ичига олган ичимликлар учун прогрессив акциз солиғи шкаласини жорий этиш режалаштирилмоқда. Ставкалар ичимликнинг 100 мл даги шакар миқдорига боғлиқ бўлади. Қуйидагилар назарда тутилган:
- 5 граммгача шакар — 1 литр учун 500 сўм (амалдаги ставка);
- 5 граммдан 10 граммгача — 515 сўм;
- 10 граммдан кўп — 535 сўм.
Шакарсиз, аммо ширинлаштирувчи моддаларни ўз ичига олган ичимликлар учун ставка 1 литр учун 500 сўмни ташкил этади.
Энергетик ва тоник ичимликлар учун акциз 1 литр учун 2000 сўмдан 2150 сўмгача оширилади.
Қўшимча равишда, умумий овқатланиш корхоналари ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тайёрланиб, истеъмолчиларга сотиладиган ичимликлар акциз солиғига тортилмаслиги белгиланмоқда. Агар ишлаб чиқарувчи қадоқда шакар миқдорини кўрсатмаса, максимал ставка қўлланилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, картошка чипслари ва сироп-концентратларга акциз жорий этиш бюджетга 88 миллиард сўм, ширин ичимликларни прогрессив солиққа тортиш эса яна 95 миллиард сўм келтиради.
Эслатиб ўтамиз, таркибида шакар бўлган газли ичимликлар учун 2024 йил 1 апрелдан бошлаб 1 литр учун 500 сўм, энергетик ичимликлар учун эса 1 литр учун 2000 сўм миқдорида акциз солиғи амал қилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги аввалроқ 2026 йилга мўлжалланган солиқ сиёсати лойиҳасини тақдим этган эди: базавий ставкалар сақланиб қолади, алкоголь, тамаки учун акцизлар, маркетплейслар учун солиқлар оширилади. Ҳисоботларни соддалаштириш ва кичик бизнес учун енгилликлар режалаштирилган.

