
Экоинспекторга ҳужум қилган Бувайда тумани ҳокими ўринбосари Саиджон Ҳизировга нисбатан ваколат доирасидан четга чиқиш ва ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш бўйича жиноий иш қўзғатилди, дея хабар берди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Бувайда тумани қишлоқларидан бирида дарахтлар кесилаётгани акс этган видеоёзувлар тарқалган эди. Жараёнга экоинспектор тўсқинлик қилишга уринган, у маҳаллий фуқародан бензинли аррани топширишни талаб қилган, фуқаро эса бундан бош тортиб, жанжалли ҳаракат қилган.
Инспектор аррани олиб қўйишга муваффақ бўлганида, туман ҳокими ўринбосари Саиджон Ҳизиров аралашган — у экоинспекция ходимини қўполлик билан тўхтатиб, унга куч ишлатган. Видеода вазиятни бир неча киши, жумладан, ички ишлар органи вакили ҳам кузатиб тургани, лекин у ҳаракатсиз тургани кўринади. Видео сўнггида инспекторни ҳоким ўринбосари ва яна бир неча киши мажбурлаб олиб кетишади.
«25 ноябрь куни Бувайда тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари С. Ҳ. мансаб ваколатини суиистеъмол қилган. У «Д. С.» МЧЖ ходими дарахтларни кесаётганини била туриб, Экология ва иқлим ўзгаришлари бўйича қўмита туман бўлими инспекторининг қонуний талабларига фаол қаршилик кўрсатган, унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилган, инспекторни жойини тарк этишга мажбурлаган ва бу билан давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зарар етказган», — дея баёнот берди Бош прокуратура.
Экология ва иқлим ўзгаришлари бўйича Миллий қўмитанинг махсус комиссияси ушбу факт юзасидан ишчи гуруҳи тузилиб, текширув ўтказилганини маълум қилди. Унинг натижаларига кўра, Саиджон Ҳизиров туман ҳокими ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Экология қўмитасининг вилоят бошқармаси экологик ҳуқуқбузарлик «Маслаҳат» маҳалласида рейд пайтида аниқланганини аниқлаштирди. Фуқаро С. З. 26 та дарахтни ноқонуний равишда кесган.
Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми (Дарахтларни ноқонуний кесиш ёки йўқ қилиш) бўйича маъмурий баённома тузилган. Қоидабузарга 25 БҲМ миқдорида — 10,3 миллион сўм жарима тайинланган. Ўсимликлар дунёсига етказилган зарар 45,8 миллион сўмни ташкил этди.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, жиноий иш нафақат Ҳизировга, балки бир қатор бошқа шахсларга нисбатан ҳам қўзғатилган, аммо уларнинг кимлиги аниқлаштирилмаган.
Иш Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича олиб борилмоқда:
- 206-модда 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
- 219-модда 2-қисми (Ҳокимият вакилини хизмат вазифаларини бажаришдан бош тортишга ҳар қандай шаклда мажбурлаш);
- 198-модда 2-қисми (Катта зарар етказган ҳолда дарахтларни ноқонуний кесиш).
Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Бош прокурорнинг шахсий назоратида, дея таъкидланди назорат органида.

