Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 29/11/2025

Саудия Арабистони 2026 йилдан бошлаб хорижликларга кўчмас мулк сотиб олишга рухсат беради

Саудия Арабистони ҳукумати хорижий фуқароларга кейинги йилдан бошлаб қиролликда кўчмас мулк сотиб олишга рухсат беришни режалаштирмоқда, дея хабар беради Bloomberg.

Норезидентлар учун кўчмас мулк сотиб олишга рухсат берувчи қонун 2025 йил июль ойида расмийлар томонидан тасдиқланган. Бу қарор хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакатни ривожлантириш бўйича Vision 2030 стратегиясини илгари суриш доирасида қабул қилинди. Ҳужжат 2026 йил январдан кучга киради.

Хорижликлар турар жой, тижорат, қишлоқ хўжалиги ва саноат кўчмас мулкини, шунингдек, қурилиш учун ер участкаларини сотиб олишлари мумкин бўлади. Сотув тўртта шаҳарда — Ар-Риёд, Жидда, Макка ва Мадинада амалга оширилади, лекин фақат расмийлар томонидан тасдиқланган ҳудудларда бўлади, дея қайд этади нашр.

Кўчмас мулк бўйича Бош бошқарма вакили Фаҳад бин Сулаймон бу ҳудудлар «жуда кенг» бўлишини ва мега-лойиҳалар деб аталувчиларни ўз ичига олишини таъкидлади. Уларда хорижликлар мулкининг улуши 70−90% билан чекланиши кутилмоқда.

Макка ва Мадинадаги кўчмас мулкни фақат мусулмон бўлган хорижликлар сотиб олиши мумкин, аммо бошқа чекловлар режалаштирилмаган, дея қўшимча қилди бин Сулаймон.

Саудия Арабистони расмийлари капитал бозорларидаги чекловларни ҳам юмшатмоқда ва яқинда хорижликларга маҳаллий компанияларда назорат пакетларига эгалик қилишга рухсат бериши мумкин, деб ёзади Bloomberg.