
Комил Исмоилович Алламжонов Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасининг маслаҳатчи-элчиси — Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозимига тайинланди.
Бу ҳақдаги фармойишни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева имзолади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Комил Алламжонов айни вақтда июнь ойида тайинланган Президент Администрацияси раҳбарининг мустақил маслаҳатчиси лавозимида ҳам фаолиятини давом эттиради.
АҚШдаги ПА вакили — маслаҳатчи-элчи лавозими президентнинг «ташқи сиёсий ва давлат ташаббуслари мувофиқлаштируви самарадорлигини ошириш мақсадида» 2026 йилнинг 1 январидан жорий этилмоқда.
Маслаҳатчи-элчи зиммасига Ўзбекистон ва АҚШда йирик ва стратегик инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини тўғридан-тўғри илгари суриш ва муҳокама қилиш, шунингдек, Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ишини Ўзбекистон томонидан комплекс мувофиқлаштириш каби вазифалар юклатилган.
Кенгашга Ўзбекистон томонидан Саида Мирзиёева, Америка томонидан — АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус элчиси Серджио Гор раҳбарлик қилмоқда.
2025 йил сентябрь ойида Комил Алламжонов (қисқача таржимаи ҳол) АҚШдаги Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиёни ўрганиш дастури махсус маслаҳатчиси этиб тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.

