
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров 2025 йил 26 ноябрь куни Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида якунланган шахмат бўйича Жаҳон кубоги ғолиби бўлди.
Биринчи иккита классик партия дуранг билан якунланди, тезкор назоратдаги биринчи партия ҳам шундай бўлди. Иккинчи партияда 19 ёшли шахматчи қора доналарда Хитой вакили Вэй Ини мағлуб этди. Иккала финалчи ҳам 2026 йилги Даъвогарлар турнирига йўлланма олди.
19 ёшли Синдаров ушбу турнирнинг энг ёш ғолиби бўлди (аввалги рекорд 23 ёшли Левон Аронянга тегишли эди). У шунингдек, 120 минг доллар мукофот пулини олади.
Аввалроқ, учинчи ўрин учун ўйинда россиялик Андрей Есипенко ўзбекистонлик Нодирбек Якуббоевни мағлуб этиб, у ҳам Даъвогарлар турнирига йўлланма олди.
Синдаров 2022 йилда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолиб бўлган эди. 26 ёшли хитойлик гроссмейстер Вэй И Хитой терма жамоаси таркибида 2014 йилги Олимпиада ғолиби бўлган.
Мусобақа ҳақида
2025 йилги Жаҳон кубоги — ФИДЕ шафелиги остида икки йилда бир марта ўтказиладиган энг йирик нокаут шахмат мусобақаси. Соврин жамғармаси 2 миллион доллар ва 2026 йилги Даъвогарлар турнирига учта йўлланма бор эди.
Турнирда 206 нафар шахматчи иштирок этди. Ўйинчилар иккита классик партия ўтказишади (40 юришга 90 дақиқа, плюс партия охиригача 30 дақиқа ва ҳар бир юришга 30 сония қўшилади). Агар ғолиб аниқланмаса, кейин иккита 15+10, сўнгра иккита 10+10, иккита 5+3 ва иккита 3+2 партия ўтказилади. Агар бунда ҳам дуранг бўлса, армагеддон тайинланади: оқ дона олганлар 4+2 олади, қора дона олганлар вақт бўйича таклиф беради (тўрт дақиқадан кўп эмас) ва армагеддонда дуранг қора доналар фойдасига ҳисобланади.
Ғолиб 120 минг доллар, финалчи — 85 минг доллар, учинчи ўрин — 60 минг доллар, тўртинчи ўрин — 50 минг доллар олади. Мукофотлар биринчи босқичгача тақсимланади: энг кам тўлов — 3500 доллар.
Аввалги Жаҳон кубогининг (2023 йил) ғолиби норвегиялик Магнус Карлсен бўлган — у бу йилги ўйинда иштирок этмади.

