Саида Мирзиёева Тошкентдаги экологик вазият бўйича йиғилиш ўтказди

Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 2025 йил 24 ноябрь куни Администрация раҳбарияти ва тегишли идоралар иштирокида Тошкентдаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Сўнгги кунларда кузатилаётган ҳаво ифлосланиши даражасидан жиддий хавотир билдирилди, бу ҳолат пойтахт аҳолисида ҳақли равишда ташвиш уйғотаётгани ва дарҳол, мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб қилиши қайд этилди», — дейилади хабарда.

Саида Мирзиёева «масъул раҳбарларнинг атмосфера ҳавосининг ҳолати, келиб тушган фуқаролар мурожаатлари, шунингдек, жамоатчилик таклифлари ва ташаббуслари ҳақидаги ҳисоботларини тинглади. Юзага келган вазиятга таъсир этувчи асосий омиллар ва инсон саломатлиги ва экологияга салбий таъсирни минималлаштиришнинг мумкин бўлган йўллари батафсил кўриб чиқилди».

«Алоҳида таъкидландики, нормалар бузилган ҳолатларда ифлослантирувчи корхоналарга нисбатан қатъий чоралар кўриш зарур. Инсон саломатлиги муроса объекти бўла олмайди ва бу тамойил ҳам давлат, ҳам бизнес учун ягона бўлиши кераклиги йиғилишда қайд этилди», — дейилади хабарда.

«Сўнгги кунларда тезлаштирилган тартибда тайёрланган эксперт хулосаларига таянган ҳолда, Саида Шавкатовна тезкор қадамлардан тортиб, келажакда бундай вазиятларнинг такрорланишининг олдини олишга қаратилган тизимли ечимларгача — яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболни қамраб олувчи комплекс таклифларни тақдим этди», — дейилади хабарда.

Президент Администрацияси раҳбари «экологик назоратни кучайтириш, ифлослантирувчи объектлар фаолиятини чеклаш, қурилишга нисбатан талабларни кучайтириш, шаҳарни кенг кўламли ободонлаштириш ва ҳаво сифатини мониторинг қилишнинг замонавий тизимини яратиш бўйича чора-тадбирларни» таклиф қилди.

Хабар қилинишича, ушбу чоралар яқин вақт ичида давлат раҳбарига кўриб чиқиш учун киритиладиган, тайёрланаётган президент фармони лойиҳасига асос бўлади.