
Ангрен шаҳар жиноят ишлари судида 15 ёшли С.Я.ни зўрлашда айбланаётган 4 нафар йигитга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.
Судланувчилар курсисида 19 ёшли С.К., 21 ёшли З.У. ва Д.У., шунингдек, 22 ёшли А.У. ўтирибди. Уларга Жиноят кодексининг 118-моддаси (зўрлаш), 28-моддаси орқали 118-моддаси (зўрлашда иштирок этиш) ва 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни ғайритабиий шаклда зўрлик ишлатиб қондириш) бўйича айблов эълон қилинган.
Мажлис ёпиқ тарзда ўтмоқда.
Жабрланувчининг ҳолати
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова шу ҳафтада тиббиёт муассасасида жабрланувчини кўрди ва унинг ҳозирги соғлиғи, шунингдек, ота-онаси ва оила аъзоларига нисбатан эмоционал муносабати ва ишонч даражаси ҳақида гаплашди. Қиз тиббиёт муассасасидан чиққач, уларнинг қайси бири билан яшашни хоҳлаши ҳақида ҳам айтди.
Ҳозирда у Тошкентда даволанмоқда. Унинг аҳволи сезиларли даражада яхшилангани, вазни ортгани, ўзини ҳис қилиши барқарорлашгани айтилади хабарда.
Психологнинг хулосасига кўра, бемор аста-секин «психологик инқироз» ҳолатидан чиқиб бормоқда.
«С.Я. мавжуд касалликлардан даволаниш билан бир вақтда посттравматик тикланиш босқичида эканлигини ҳисобга олиб, унинг ҳолатини барқарорлаштириш ва такрорий жароҳатланишнинг олдини олиш мақсадида даволаш курси тугагандан сўнг уни нейтрал ва хавфсиз оилавий муҳитга жойлаштириш мақсадга мувофиқ», — дейилади омбудсман матбуот хизмати хабарида.
Болалар омбудсмани суд жараёнида иштирок этиш ниятида эканлигини ва қизга нисбатан хавфсиз оилавий муҳитда кўрилаётган чораларни мониторинг қилишни давом эттиришини маълум қилди.
2025 йил июль ойида ангренлик 15 ёшли қиз юқори тана ҳарорати ва оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган эди. Блогер Саодат Абдузакированинг сўзларига кўра, ўсмир қариндоши ва бир неча йигит томонидан қилинган зўравонлик қурбони бўлган.
Шифокорлар қизнинг аҳволи ҳақидаги маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширган, шундан сўнг жиноий иш қўзғатилган ва тергов Ангрен прокуратураси назоратига олинган. Даволаш масаласи билан соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова шуғулланган, болалар омбудсмани эса июль ойида жабрланувчи билан учрашган. Кейинроқ Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги қизнинг Тошкентга даволанишга ўтказилганини хабар қилган эди.

