
2025 йил 20 ноябрь куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) Минтақавий антитеррор тузилмаси (МАТТ) XI халқаро конференцияси очилди.
Тадбирда БМТ, ЕХҲТ, Интерпол, МДҲ Антитеррор маркази, КХШТ каби акситеррор тузилмалари вакиллари иштирок этмоқда.
ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори Уларбек Шаршеев журналистларга муҳокамалар оқибатларга эмас, балки сабабларга қаратилганини айтди.
«Биз аллақачон содир бўлган террорчилик ҳаракатларига қарши курашни эмас, балки террорчилик ҳаракатларининг содир этилишига йўл қўймаслик, фуқароларимиз, айниқса ёшларни террорчилик ташкилотларига жалб қилишнинг олдини олиш чораларини кўпроқ муҳокама қиламиз», — деди.
Ялпи мажлисда у радикализм йўлини кўпинча на моддий етишмовчиликни, на ижтимоий четлатилишни ҳис қилмаган одамлар танлашини таъкидлади. Мисол сифатида у икки террорчи етакчи — Жума Намангоний ва Усама бин Ладеннинг таржимаи ҳолини келтирди.
«Ëллашнинг жадаллашуви»
Шаршеев Афғонистон ва Суриядаги халқаро террорчи гуруҳларнинг фаоллашгани ва уларнинг Марказий Осиё мамлакатларида «уйқудаги ячейкалар» тузишга интилаётгани ҳақида баёнот берди.
«Халқаро террорчилик ташкилотлари раҳбарлари террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш, «уйқудаги ячейкалар» яратиш, молиявий маблағларни жалб қилиш, сафларини янги аъзолар билан тўлдириш учун ёллаш ишларини олиб бориш мақсадида учинчи мамлакатлар ҳудуди орқали сохта ҳужжатлар билан Марказий Осиё давлатларига жангариларни юбориш режаларидан воз кечмади», — деди.
МАТТ раҳбарини МДҲ Антитеррор маркази раҳбари Евгений Сисоев тўлдирди, у Яқин Шарқдаги халқаро террорчилик тузилмалари минтақадаги таъсирини ошириш учун Афғонистонга жангариларни ташлашни кучайтирганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, хориждаги Марказий Осиё диаспоралари орасида «ҳужумкор ёллаш ишлари» олиб борилмоқда. «Бунинг учун улар тожик, қирғиз, ўзбек ва илгари кузатилмаган қозоқ тилларида фаол интернет тарғиботини бошлаган», — деди АТМ раҳбари.
Беларусь Республикасининг МАТТдаги вакили Евгений Крастин хорижий жангарилар ва террорчилик тузилмаларига ёрдам берувчилар унинг мамлакатидан ЕИ ва Россияга ўтиш учун транзит ҳудуди сифатида фойдаланишга уринаётганини айтди.
«2025 йилнинг биринчи ярмида ҳамкор мамлакатлар махсус хизматлари билан ҳамкорликда 2000 дан ортиқ хорижликларга нисбатан текширув тадбирлари амалга оширилди. Кириш-чиқиш каналида радикал исломчиларга алоқадор 13 киши Беларусь Республикасига киритилмади», — деди Крастин.
Кибермаконда ҳимоя
Махсус хизматлар вакиллари ва экспертлар кибермаконда терроризмга қарши кураш ҳақида ҳам гапирдилар. ШҲТ маконида бу соҳада махсус хизматлар ҳамкорлиги ривожланмоқда — тақиқланган контентни блоклашдан тортиб, экстремистик фаолиятга алоқадорликда гумон қилинаётган фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни алмашишгача. Бироқ, технологияларни жорий этиш тезлиги деярли ҳар доим уларни айланиб ўтиш усулларининг пайдо бўлиш тезлиги билан бир хил, деб таъкидладилар МАТТда.
«Террорчилик ташкилотлари янги шароитларга мослашмоқда, кибермакон, молиявий ва миграция каналларидан фаол фойдаланиб, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларни экстремистик фаолиятга жалб қилмоқда», — деди Қирғизистоннинг ШҲТ МАТТдаги вакили Алтинбек Қазканов.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, сунъий интеллектга асосланган платформаларнинг арзонлашуви туфайли террорчилик тармоқлари нафақат очиқ ташвиқот, балки яширин, манипулятив контент яратиш воситаларини ҳам қўлга киритмоқда. Уларнинг маълумотларига кўра, экстремистик гуруҳларни молиялаштиришда криптовалюталар улуши ҳам ўсишда давом этмоқда.
МАТТнинг янги архитектураси
Форум иштирокчилари ўсиб бораётган таҳдидларга амалий жавоб сифатида Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлигига таҳдид ва чорловларга қарши курашиш бўйича Универсал марказ ташкил этилишини таъкидладилар. Уни яратиш ташаббуси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қўллаб-қувватланиб, Тянжин шаҳрида бўлиб ўтган сентябрь ойидаги ШҲТ саммитида расман шакллантирилди.
Универсал марказ қошида ШҲТ Ахборот хавфсизлиги маркази ташкил этилади — бу Қозоғистон томонидан таклиф қилинган лойиҳа. Бундан ташқари, Бишкекда янги марказнинг минтақавий бўлими сифатида трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш тузилмасини ташкил этиш режалаштирилган.
Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг терроризмга қарши курашиш департаменти бошлиғи ўринбосари Сюй Чуаньгун томонларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришда давом этишга чақирди. Гап МАТТнинг янгиланган тузилмаси ишини бошлаш учун ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритишни тезлаштириш ҳақида бормоқда.
«Биз аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан эришилган муҳим консенсусни, айниқса ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлигига таҳдид ва чорловларга қарши курашиш бўйича Универсал марказ ва унинг бўлинмаларини яратиш талабларини амалга ошириш учун барча томонларнинг ваколатли органлари ва минтақавий ривожланиш институтлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди Сюй Чуаньгун.
Форумда ШҲТ мамлакатлари учун глобал беқарорлик ва рақамли трансчегаравий хатарларнинг сезиларли даражада ўсиши фонида универсал марказнинг пайдо бўлиши ўз хавфсизлик механизмларини кучайтириш имконияти эканлиги айтилди.

