
Урганч Ўзбекистонда биринчи бўлиб катта сиғимли электробуслар ҳаракатланадиган маъмурий марказга айланди.
«Янгиарик транс» компанияси Қозоғистоннинг FalconEuroBus корхонасида ишлаб чиқарилган 10 та Falcon Murat Adilkhan электробусларини шаҳар учун сотиб олди. Улар шаҳар ичидаги йўналишларда фойдаланилади, деб хабар берди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Аширматов.
Электробуслар ҳужжатларни расмийлаштириш ва йўналишлар бўйича тақсимлаш якунлангандан сўнг йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлайди.
Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳозирда Урганчда 6 та йўналиш бўйича брутто-шартномалар асосида Хитойнинг Zhongtong Bus Holding компаниясининг 80 та ўрта сиғимли автобуслари йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Улар «Бунёд йўловчи ташиш» компанияси томонидан бошқарилади.
Электробусларнинг сотиб олиниши «Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида амалга оширилмоқда, унга кўра Ўзбекистон шаҳарларидаги жамоат транспорти тўлиқ экологик тоза ёқилғига ўтказилиши керак.
Троллейбус тармоғи сақланиб қолади ва ривожлантирилади
Урганч троллейбус депосига етказилган электробусларнинг суратлари ижтимоий тармоқларда пайдо бўлганидан сўнг, баъзи фойдаланувчилар янги машиналар Урганч ва Хива ўртасида ҳаракатланадиган троллейбусларнинг ўрнини эгаллайди деб тахмин қилишди.
Наврўз Аширматов берган изоҳида бу маълумотни рад этди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги ягона бўлган бу троллейбус тармоғи, аксинча, ривожлантирилади.
Ҳозирда йўналишда 8 та троллейбус ҳаракатланмоқда. Йил охиригача 10 та янги троллейбус етказилиши кутилмоқда.
2024 йилнинг март ойида президент Шавкат Мирзиёев троллейбусларнинг ҳаракатланиш интерваллари 2 баравар қисқартирилишини айтган эди.
Ҳозирда депони ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда. У янги ҳаракатланувчи таркибни қабул қилишга тайёрланмоқда. Бундан ташқари, электробуслар учун зарядлаш станциялари ўрнатилмоқда.

