
Президентнинг 2025 йил 20 ноябрдаги қарорида туризм соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари санаб ўтилган.
Жумладан, 2026 йил 1 февралдан бошлаб хорижий фуқаролар томонидан аввал сотиб олинган товарлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммасини Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишда уларнинг хоҳишига кўра нақд шаклда қайтариш мумкин бўлади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб Туризмни қўллаб-қувватлаш фонди маблағлари ҳисобидан:
- ҳар йили 10 та энг яхши лойиҳага туристик стартапларни — туризм хизматларининг янги турларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи миқдорида, лекин 1 млрд сўмдан ошмаган ҳолда субсидиялар ажратилади;
- меҳмонхоналарнинг халқаро тан олинган «яшил» сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи қопланади;
- 2026 йил 1 апрелдан бошлаб халқаро конференциялар ва тадбирларни ташкил этиб, уларга камида 100 нафар хорижий туристни жалб қилган тадбиркорлик субъектлари томонидан мазкур тадбирларни ташкил этишда тўланган ҚҚС суммасининг 50 фоизини қайтариш тартиби жорий этилади;
2027 йил 1 январгача бўлган муддатга туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобуслар, электробуслар ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилади.
2030 йил 1 январгача бўлган муддатга Brand Finance компаниясининг топ-50 рейтингига кирувчи брендни жалб қилган ҳолда меҳмонхона қуришни бошлаган ва бренд билан дастлабки келишувларга эга бўлган тадбиркорлар меҳмонхонани бренд талабларига мувофиқ қуриш ва жиҳозлаш чоғида олиб кириладиган асбоб-ускуналар, техника, транспорт воситалари, мебель ва инвентарь учун божхона божи тўлашдан озод этилади.
Хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистон ҳудудида фильмлар яратишда харажатларининг бир қисмини қоплашнинг янги тартиби белгиланди:
- 3 млрд сўмгача бўлган харажатлар суммаси учун — 10%;
- 3 млрд сўмдан 5 млрд сўмгача бўлган харажатлар суммаси учун — 15%;
- 5 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача бўлган харажатлар суммаси учун — 20%;
- 10 млрд сўмдан ортиқ бўлган харажатлар суммаси учун, лекин бир фильм учун 4 млрд сўмдан ошмаган ҳолда — 25%.
Эслатиб ўтамиз, ребейт деб аталувчи ушбу механизм Ўзбекистонда 2020 йилдан жорий этилган. Имтиёзлар мамлакат ҳудудида суратга олинган аудиовизуал маҳсулотларга — кино-, теле- ва видеофильмлар, клиплар, мультфильмлар, анимеларга татбиқ этилади. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари ҳақидаги бадиий тўлиқ метражли, бадиий қисқа метражли, ҳужжатли-хроникал фильмларни суратга олиш учун лойиҳа қийматининг 30 фоизи миқдорида грантлар олиш мумкин.

