
Ўзбекистон Президенти 2025 йил 20 ноябрь куни Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.
Янги ташкил этилган Қўмита Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. У Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, 107б уй манзилида жойлашади.
Қўмитага икки ой муддатда Ўзбекистонга кириш учун визасиз режим ўрнатиладиган давлатлар рўйхатини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ҳудудига кириш ва бўлиш тартибларини соддалаштириш бўйича ҳукуматга таклифлар киритиш топширилди.
Ҳужжатга кўра, 2030 йилгача туризмни ривожлантиришнинг асосий мақсадлари:
- туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ҳозирги 3,5% дан 7% гача етказиш;
- ҳар йили келадиган хорижий туристлар сонини ҳозирги 10 миллион кишидан 20 миллионгача етказиш, шу жумладан, юқори тўлов қобилиятига эга туристлар оқимини ошириш;
- туризм хизматлари экспортининг йиллик ҳажмини 6 млрд доллардан ошириш;
- Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари ўртасида транспорт қатновини яхшилаш, ички авиақатновлар сонини кўпайтириш ва йўлдаги вақтни камида 3 баравар қисқартириш;
- 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар сонини 2 баравар ошириш;
- Ўзбекистоннинг дунёда кенг танилган туристик брендини яратиш.
2040 йилгача туризм соҳасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади. 2026—2028 йилларда туристларни жалб қилиш учун қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилмоқда:
- Самарқанддаги энг муҳим тарихий объектларни боғлайдиган 6,6 км узунликдаги туристик йўналишни ташкил этиш бўйича «Самарқанд мероси йўли» лойиҳаси;
- Хивадаги «Ичан-Қалъа» мажмуасини аҳоли турмуш тарзи, савдо шохобчалари, хизмат кўрсатиш нуқталари ва коммуникация тизимини тарихий муҳит билан уйғунлаштирган ҳолда, дунёдаги ягона иммерсив ва «ақлли» музей шаҳарга айлантириш;
- Тошкентда модернизм ёдгорликларини ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича материаллар тўпланади. Бундан ташқари, Тошкентни дунё миқёсида энг кўп мозаикага эга шаҳар сифатида тан олинишига эришиш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилади.
Шунингдек, савдо-кўнгилочар мажмуаларга дунёга машҳур кийим-кечак брендларини жалб қилиш ва шаҳарлар атрофида миллий архитектура услубидаги замонавий аутлет-марказларни яратиш топширилди — биринчи босқичда (2030 йилгача) — Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада, иккинчи босқичда (2030 йилдан бошлаб) — юқори туристик салоҳиятга эга бошқа аҳоли пунктларида.

