
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 19 ноябрь куни маҳаллаларда аҳоли даромадларини ошириш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш ҳамда 2026 йилги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда вилоят ва туман ҳокимларининг, шунингдек, маҳаллалардаги ишларга масъул ходимларнинг моддий-техник имкониятлари сезиларли даражада яхшиланган. Мирзиёев раҳбарларни ўз фаолиятига танқидий баҳо беришга чақирди:
«Улар яратилган барча шароит ва имкониятлардан қанчалик фойдаланмоқда? Қандай натижага эришмоқда? Ислоҳотларимиз ҳар бир оилага, ҳар бир хонадонга етиб боряптими? Одамлар буни қандай ҳис қилмоқда? Бундай саволлар кўп. Барча раҳбарлар тайёр бўлиши керак. Йил якунланяпти — бугун натижаларни таҳлил қилиб, айримларга нисбатан хулоса қиламан», — деди давлат раҳбари.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил бошидан буён ишсизлик даражаси 4,9 фоизгача (бир йил олдин 5,5 фоиз эди) пасайган, бир қатор шаҳарларда — Бухоро, Навоий, Зарафшон, Ғозғон, Самарқанд ва бошқаларда эса 4 фоиздан тушиб, илк бор «табиий ишсизлик» даражасига яқинлашган.
302 минг оила камбағалликдан чиқарилди, камбағаллик даражаси эса, прогнозларга кўра, йил охиригача 6 фоизгача пасаяди (2024 йилда 8,9 фоиз эди). 1435 та маҳаллада илк бор «камбағалликдан холи» мақоми ўрнатилди.
Президент Узун туманини намуна сифатида қайд этди: бу ерда аҳоли бандлиги ва ривожланиш лойиҳалари учун 160 млрд сўм ажратилган, 70 млн доллар инвестиция жалб қилинган, 47 та корхона очилган ва 2000 дан ортиқ микролойиҳа амалга оширилган. Натижада туманда камбағаллик 10,5 фоиздан 3 фоизгача камайган.
Шу билан бирга, Узун туманига нисбатан 4,5 баробар кўп маблағ олган Денов тумани ҳокимлиги ишни ташлаб қўйгани таъкидланди: кам таъминланганлар рўйхатига киритилган 1200 оиланинг даромадлари ўзгармаган.
Худди шундай ҳолат — Чироқчи туманида ҳам кузатилмоқда. Жорий йилда туманда маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш учун 309 млрд сўмлик кредит ресурслари ажратилган бўлса-да, ҳокимлик одамларга уларнинг имкониятларига мос тайёр лойиҳаларни тақдим этмаган.
Шавкат Мирзиёев Денов тумани ҳокими Илҳом Аброров, унинг биринчи ўринбосари Ш. Тўрақулов, Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов ва унинг ўринбосари З. Эргашевни лавозимидан озод этиш бўйича кўрсатма берди.
Давлат раҳбари 20 нафар ҳоким бандлик масалаларида жиддий камчиликларга ва расмиятчиликка йўл қўяётганини қайд этди. Бош вазирга Яшнобод, Бухоро, Ғиждувон, Косон, Хатирчи, Қумқўрғон, Янгийўл, Ўзбекистон, Гулистон, Яккабоғ, Андижон, Паркент, Тошкент, Нуробод, Учтепа, Чортоқ, Давлатобод, Олтинкўл, Қизириқ ва Когон туманлари ҳокимларига нисбатан «ўрнатилган тартибда» чора кўриш топширилди.
Шунингдек, имтиёзли ресурсларни самарасиз лойиҳаларга тақсимлаган маҳалла банкирларининг иши ҳам танқид қилинди. Мутасаддиларга назоратни кучайтириш, маҳаллаларда иш олиб бориш ва лойиҳаларнинг натижадорлигини таъминлаш топширилди.
Йил бошидан буён камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш бўйича вазифаларни бажармагани учун 261 нафар раҳбар ишдан бўшатилган, яна 492 нафари интизомий жазога тортилган.
2026 йилга мўлжалланган режалар
Президент келаси йилда асосий вазифа камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан пасайтириш бўлишини таъкидлади. 2026 йилда иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга 450 трлн сўм кредит ресурслари йўналтирилади, шундан 140 триллиони маҳаллалардаги кичик ва ўрта лойиҳаларга ажратилади.
«Энг оғир тоифадаги муҳтож оилалар қолди. Бундай 400 минг оилани камбағалликдан олиб чиқиш учун вилоят ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, бандлик хизматлари, банклар раҳбарлари ва «маҳалла еттилиги» аъзолари ўз дунёқараши ва иш услубини ўзгартириши зарур», — деди давлат раҳбари.

