Президентга ҳисобдор бўлган Миллий экология қўмитаси тузилди. Экополицияга куч ишлатишга рухсат берилди

Ўзбекистонда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди. Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги фармонни имзолади.

У Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги негизида, амалдаги штат бирликларини сақлаб қолган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқариш йўли билан тузилмоқда.

Қўмита қулай экологик вазиятни барқарор сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, ўрмонларни кўпайтириш, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва чўлланишга қарши курашиш соҳаларида ягона давлат сиёсати ва назоратини амалга оширувчи ваколатли орган бўлади.

Янги идора ўз фаолиятида бевосита президентга ҳисобдор бўлади. Қўмита раиси айни пайтда президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.

Президентнинг алоҳида қарорида Экология қўмитаси ўз фаолиятини барча давлат органлари ва ташкилотларидан, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга ошириши белгилаб қўйилган. Ушбу мансабдор шахсларнинг унинг фаолиятига аралашиши тақиқланади.

Ҳужжатда белгиланишича, қўмитанинг ҳудудий бўлинмалари ва туман (шаҳар) бўлимлари маҳаллий ижро ҳокимияти органлари тузилмасига кирмайди, ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва қўмитага ҳисобдордир.

Ўрмонзорлаштириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги, шунингдек, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги янги қўмита ҳузурида фаолият юритишни давом эттиради.

Шу билан бирга, эндиликда собиқ Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Ўзбекистон Туризм қўмитасига айлантирилади.

Экология қўмитасининг «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат маркази» давлат муассасаси негизида «Миллий экологик мониторинг маркази» давлат муассасаси ташкил этилди.

Қўмита жавобгар бўлган умуммиллий лойиҳалар

Экология қўмитаси ўзининг асосий вазифалари билан бир қаторда қуйидаги умуммиллий лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул этиб белгиланди:

  • «Чиқиндилардан холи ҳудуд» — чиқиндиларни қайта ишлаш ва улар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган;
  • «Тоза ҳаво» — атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган;
  • «Яшил макон» — 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда умумий майдони камида 100 гектар бўлган ботаника ва дендрология боғларини ташкил этишга қаратилган;
  • «Экомаданият» — аҳоли орасида эко-анъаналарни шакллантириш ва экологик турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган;
  • «Биомерос» — келажак авлод учун биохилма-хилликни асрашга қаратилган.

Қўмита ҳузурида фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида 15 нафаргача хорижий ва маҳаллий экспертларни жалб қилган ҳолда «Эколойиҳалар фабрикаси» лойиҳа офиси ҳам ташкил этилади.

Экополиция

Фармон билан Экология қўмитасининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган Экологик назорат давлат инспекцияси (Экополиция) ташкил этилди. Қўмита раҳбари унинг бошлиғи бўлади.

У Экология вазирлигининг Экологик назорат давлат инспекцияси, Қорақалпоғистон, Тошкент ва Жиззах вилоятлари табиатни муҳофаза қилишга ихтисослаштирилган прокуратуралари, шунингдек, пойтахт ва вилоятлар прокуратураларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат бўлинмаларининг мақбуллаштирилаётган штат бирликлари негизида ташкил этилади.

Экополиция — Экология қўмитасининг махсус бўлинмаси бўлиб, экологик хавфсизликни таъминлаш ва бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасида алоҳида ҳуқуқни муҳофаза қилиш вазифалари юклатилган.

Экополиция ходимларига, жумладан, жисмоний куч, махсус воситалар (электрошок қурилмалари) ва хизмат қуроли (резина ўқли, тўрли) қўллаш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, уларнинг махсус кийимларига бодикамералар ўрнатилади.

Қонунчиликка ўзгартириш киритилгунга қадар жисмоний куч, махсус воситалар ва хизмат қуролини қўллаш тартиби бўйича Экополиция ходимларига «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунда белгиланган асослар ва шартлар татбиқ этилади.

Экополицияга маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини инобатга олмаган ҳолда табиий экологик ҳудудлар чегаралари доирасида ўз ҳудудий бўлинмаларини тузишга рухсат берилди.

Президент фармон ва қарор ижросини назорат қилишни ўз администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юклади.