
Тошкент бозорлари ва савдо мажмуаларида тижорий мақсадларда видеотасвирга олиш (фото эмас) учун тўлов белгиланди. Пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов бу ҳақдаги қарорни 2025 йил 18 ноябрь куни имзолади.
Видеороликлар, клиплар, реклама ва бошқа тижорий характердаги материалларни тасвирга олишнинг бир соати учун эндиликда 5 млн сўм миқдорида тўлов ундирилади. Ҳужжатда айтилишича, янгилик хорижий сайёҳлар ва оммавий ахборот воситаларига тааллуқли эмас.
Ижтимоий тармоқларда бозорлардаги ҳар қандай тасвирга олиш энди пуллик экани ҳақидаги хабарлар тарқалгани муносабати билан, Тошкент шаҳар ҳокимияти 2025 йил 19 ноябрь куни тушунтириш эълон қилди.
«Янги қоидалар оддий ташриф буюрувчиларга ТЕГИШЛИ ЭМАС. Телефонга харидларни суратга олиш, оила билан расмга тушиш, шахсий блог ёки сторис юритиш — мумкин ва бепул. Туристлар, мактаб ўқувчилари, талабалар, расмий медиа журналистларига ҳам ҳеч қандай чекловлар қўлланилмайди. Қоидалар фақат тижорий тасвирга олишга, яъни даромад олиш мақсадидаги суратга олиш ишларига тегишли», — дейилади хабарда.
Тўлов фақат контентдан даромад оладиган профессионалларга тегишли. Гап реклама, интеграциялар ва кўришлар сонидан мунтазам даромад қилувчи йирик блогерлар ва инфлюенсерлар; клиплар, реклама роликлари, ҳужжатли лойиҳалар, сериаллар ёки кино суратга олувчи тижорий студиялар ва ижодий гуруҳлар; бозор ҳудудидан ўз товарлари ва хизматларини тарғиб қилиш учун фойдаланувчи компаниялар ҳақида бормоқда, дея қайд этишди ҳокимиятда.
«Бу нормал халқаро амалиёт. Дунёнинг Истанбулдан Парижгача бўлган барча йирик шаҳарларида тижорий тасвирга олиш учун пул тўланади, чунки у ҳудудни эгаллайди, одамлар ҳаракатига халақит беради, сотувчилар ва мижозларга ноқулайлик туғдиради, қўшимча назорат, ҳамроҳлик қилиш ва хавфсизликни таъминлашни талаб қилади», — деб баёнот берди шаҳар маъмурияти.
Тижорий тасвирга олиш учун тўлов «расмий, шаффоф тарзда йиғилади ва инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади». Маблағлар ҳудудларни ободонлаштириш, санитария ва хавфсизликни сақлаш, пиёдалар зоналари ва ўтиш йўлларини яхшилаш, кузатув ва ёритиш тизимларига хизмат кўрсатишга сарфланади. «Бу ерда ҳеч қандай „шахсий манфаатлар“ ёки „чўнтак схемалари“ йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», — дея таъкидлашди ҳокимиятда.
Сўнгги йилларда тижорий суратга олиш ишлари сезиларли даражада кўпайди. Блогерлар ва тижорий каналлар бозорлардан даромад олиш учун локация сифатида фойдаланмоқда, аммо юкламани қопламаяпти. Сотувчилардан уларнинг ишлашига халақит бераётган тасвирга олиш ишлари ҳақида шикоятлар кўпайди. Шу сабабли ягона ва тушунарли тартибни жорий этиш зарурати пайдо бўлди, дейилади хабарда.

