Ўзбекистон президенти Европа мамлакатларида меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришни топширди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга 2025 йил 18 ноябрь куни ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш тўғрисида ҳисобот берилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Келтирилган маълумотларга кўра, 2016 йилга нисбатан хорижда ишлаётган фуқаролар сони камайган бўлса-да, улар томонидан юборилган пул маблағлари ҳажми 2025 йилнинг 10 ойи якуни бўйича 3,8 млрд доллардан 15,8 млрд долларгача ўсган.

Тақдимотда халқаро меҳнат бозорида малакали мутахассисларга талаб юқори экани қайд этилди. «Ҳозирда 140 минг мутахассисга буюртма шакллантирилган, бироқ тил ва касбий кўникмалар бўйича талабларга жавоб берадиган ишчиларни тайёрлаш учун ҳали катта иш қилиш керак», — дейилди йиғилишда.

Бундан ташқари, меҳнат миграцияси хизматларининг тарқоқлиги туфайли фуқаролар турли ноқулайликларга дуч келмоқда. Шу боис, соҳадаги хизматларни тартибга солиш ва барча жараёнларни «ягона дарча» тамойили асосида бирхиллаштириш вазифаси қўйилди.

Тошкентнинг Учтепа туманида «Хорижда меҳнат фаолиятига тайёрлаш маркази», Термизда эса миграция хизматлари ягона маркази ташкил этилади. Пойтахтнинг Яшнобод туманида халқаро компаниялар билан биргаликда немис ва япон тиллари мактаблари очилади.

Сўнгги йилларда Европа мамлакатларига миграция оқими тўрт баравар ошгани қайд этилди. Президент у ерда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Ҳозирда қатор Европа давлатлари билан меҳнат миграцияси тўғрисидаги битимлар мавжуд эмас. Шавкат Мирзиёев тегишли ҳукуматлараро ҳужжатларни ишлаб чиқишни жадаллаштиришни топширди.

Шунингдек, меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташелар ва Миграция агентлигининг хориждаги ваколатхоналари сонини ошириш, Ўзбекистон ҳудудларида виза марказларининг мобил офисларини очиш режалаштирилган.

Тақдимот давомида миграция хизматларини рақамлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. «Хорижда иш» платформасида 25 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда, йил бошидан буён 524 минг фуқаро онлайн хизматлардан фойдаланган. Бироқ, барча хизматлар рақамлаштирилмаган. Президент ушбу тизимга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш зарурлигини кўрсатди.

Платформада биометрик идентификация, хориждаги бўш иш ўринларини реал вақт режимида мониторинг қилиш ва фуқароларга масофавий маслаҳат бериш хизматларини жорий этиш режалари ҳақида маълумот берилди. Фуқароларга тезкор ёрдам кўрсатиш учун Миграция агентлигида туну кун ишлайдиган вазият марказини ташкил этиш таклиф қилинди.

Ноқонуний миграция ва консалтинг хизматлари кўрсатишда фирибгарлик ҳолатлари кўпайганлиги қайд этилди. Меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида халқаро аэропортларга миграция масалалари бўйича интерактив ахборот киоскларини ўрнатиш, шунингдек, лицензиясиз ишлаётган консалтинг ташкилотлари учун жарималар миқдорини ошириш таклиф этилди. Ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва унга кўмаклашиш учун Жиноят кодексига жавобгарликни киритиш масаласини ўрганиш топширилди.

Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллади ва мансабдор шахсларга меҳнат миграцияси жараёнларининг қулайлиги, хавфсизлиги ва шаффофлигини ошириш бўйича қўшимча топшириқлар берди.