Тожикистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Чапда — Насриддин Исматулло, ўнгда — Абдуджаббор Раҳмонзода.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Абдужаббор Раҳмонзодани Ўзбекистондаги элчи лавозимидан озод этди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент фармонида дипломатнинг бошқа ишга ўтаётгани қайд этилган.

Абдужаббор Раҳмонзода 2021 йил май ойидан буён Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида ишлаган. Бундан аввал у президент Имомали Раҳмоннинг ижтимоий ривожланиш ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

Насриддин Исматулло янги элчи этиб тайинланди. У 1971 йилда туғилган. Тожикистон аграр университетини ва Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик академиясини «Халқаро муносабатлар» мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Австрияда, шунингдек, ўриндошлик асосида Италия, Словакия ва Венгрияда, сўнгра Покистонда ҳамда ўриндошлик асосида Бангладешда элчи бўлиб ишлаган. Тожикистоннинг ЕХҲТдаги доимий вакили бўлган.

2024 йил январидан буён Тожикистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.