Ўзбекистон 2026 йилда Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни давом эттиради

Ўзбекистон 2026 йилда Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни давом эттиради, деб хабар берди Энергетика вазирлиги.

Тегишли шартнома вазирлик ва Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика компанияси бош директори Абдул Бари Умар бошчилигидаги DABS делегацияси билан вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов ўртасидаги учрашув якунлари бўйича имзоланди.

Учрашувда томонлар Афғонистонда юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанциялар қурилишининг боришини, шунингдек, ушбу ишларни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.

2024 йил декабрь ойида Ўзбекистон ва Афғонистон электр энергияси етказиб бериш бўйича келишувни 2025 йилгача узайтирган эди.

Афғонистон мамлакат ичида тахминан 250 МВт электр энергияси ишлаб чиқаради ва Туркманистон, Эрон, Ўзбекистон ва Тожикистондан қўшимча 800 МВт сотиб олади, бунга йилига 250−280 млн доллар сарфлайди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ 500 кВ кучланишли «Пули-Хумри» электр узатиш тармоғини қуриш лойиҳаси амалга оширилгандан сўнг Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини бир неча баробар ошириши мумкинлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, томонлар тармоқ қурилишини 18 ойда якунлашни режалаштирмоқда.

2019 йил сентябрь ойида Ўзбекистоннинг «Миллий электр тармоқлари» корхонаси DABS билан 10 йил муддатга электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома тузган эди. Ўшанда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев дастлабки босқичда етказиб бериш ҳажми 4,2 млрд кВт⋅соатни ташкил этиб, кейинчалик 6 млрд кВт⋅соатгача оширилишини маълум қилган эди.

2025 йил август ойида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва DABS 243 миллион долларлик энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича келишувларни имзолади. Лойиҳалар доирасида «Сурхон — Дашти-Алвон» ва «Кобул — Нангарҳор» электр узатиш тармоқларини кенгайтириш, шунингдек, подстанцияларни ривожлантириш ва қуриш режалаштирилган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон 114,8 миллион долларлик электр энергиясини экспорт қилган, бу 2024 йилнинг тўққиз ойидаги кўрсаткичдан 1,5 баробар кўп.