Ўзбекистон ва Туркманистон фуқаролари «Шовот-Дашогуз» чегараолди савдо зонасига визасиз ташриф буюришлари мумкин

Ўзбекистон ва Туркманистон фуқаролари «Шовот-Дашогуз» чегараолди савдо зонаси ҳудудига виза расмийлаштирмасдан кириб-чиқиши мумкин, дея хабар берди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, ушбу савдо зонаси фаолиятини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов масофадан туриб ишга туширишган.

ИССВ маълум қилишича, чегараолди савдо зонасида визасиз режим икки давлат фуқаролари ва ушбу мамлакатлар ҳудудида қонуний равишда бўлиб турган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тақдим этилади.

Вазирлик маълумотларига кўра, қўшма савдо марказининг умумий майдони 6 гектарни ташкил этади: 3 гектари ўзбек қисми ва 3 гектари туркман қисми. Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Дашогуз вилояти ўртасида ажратилган ҳудуд алоҳида халқаро келишув асосида кенгайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Туркманистон Савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Назардурди Агаханов қўшма савдо маркази фаолиятининг ҳуқуқий шартларини келишиб олдилар.

Объект ўзаро товар айирбошлашни кенгайтириш, миллий маҳсулотларни тарғиб қилиш ва чегаранинг иккала томонида ҳам тадбиркорликни ривожлантириш учун майдонча сифатида кўриб чиқилмоқда.

«Ўзбек-туркман чегараолди савдо зонасининг очилиши Ўзбекистон ва Туркманистон тадбиркорларига умумий инфратузилма ва соддалаштирилган тартиб-таомиллардан фойдаланган ҳолда ўз маҳсулотлари билан эркин савдо қилиш имконини беради», — дея хабар берилди ИССВда.

Савдо зонасида 112 та савдо растаси, 28 та дўкон, икки блокка бирлаштирилган 16 та савдо нуқтаси жойлашган, дейилади «Ўзбекистон 24» телеканали репортажида.

«Фуқароларимиз чегара постларидан тўсқинликсиз фойдаланиш ва Туркманистон фуқаролари билан учрашиш имкониятига эга бўлдилар. Бундан ташқари, савдо зонасида сотилаётган товарларни Ўзбекистонга янада қулай нархда олиб кириш, ўзбек маҳсулотларини эса Туркманистонга экспорт қилиш мумкин. Чегараолди зонасида соддалаштирилган тартиб амал қилади, фуқароларимиз ортиқча расмиятчиликларсиз товарларни экспорт қилишлари мумкин», — деди Хоразм вилояти Божхона қўмитаси бош инспектори Илҳомбек Қурбонов.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов аввалроқ «Шовот-Дашогуз» чегараолди савдосини бошқа ҳудудларга — Бухоро вилоятидаги Олот ва Лебап вилоятидаги Фаропга кенгайтириш имкониятини муҳокама қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, «Хоразм — Дашогуз» чегараолди савдо зонаси қурилиши 2022 йил октябрь ойида бошланган эди.

2025 йилнинг февраль ойидан бошлаб Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими жорий этилган эди. Туркманистонга импорт қилинадиган товарларга, жумладан, маҳаллий цемент маҳсулотларига (божхона божи 100%), тўқимачилик маҳсулотларига (50%), мебелга (50%), шиша идишларга (50%), сув иситгичларига (15%), пластмасса ва полипропилен маҳсулотларига (10%), колбаса ва гўшт маҳсулотларига (1 кг учун 2 доллар), пахта ёғига (1 кг учун 1 доллар) божхона божлари бекор қилинган.