Ўзбекистонда лицензиялашдаги бузилишлар учун бизнесга нисбатан икки томонлама жазолаш бекор қилинади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 14 ноябрь куни бизнес юритишни, шунингдек, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

2026 йил 1 мартдан бошлаб лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги қоидабузарликлар учун юридик шахсларга жарима солинганда, уларнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш амалиёти бекор қилинади. Шу тариқа, айни бир ҳуқуқбузарлик учун «икки томонлама жазолаш» механизми бартараф этилади.

«Лицензия» ахборот тизимида ихтиёрий дастлабки баҳолаш хизмати жорий этилади. У ариза берувчиларга ўз маълумотларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини олдиндан текшириш имконини беради:

  • бино ва иншоотлар, моддий-техник база, асбоб-ускуналар, сотиб олиниши режалаштирилган активлар, жалб қилинадиган ходимлар ва бошқа параметрлар баҳоланади;
  • натижалар бўйича ариза берувчига хулоса берилади;
  • хизмат кўрсатиш муддати — 20 кунгача;
  • тўлов миқдори лицензия ёки рухсат берувчи ҳужжат бериш учун аризани кўриб чиқиш йиғимидан ошмайди.

Фармон билан бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва тадбиркорлик фаолиятини соддалаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

2026 йил март ойига қадар ариза берувчиларнинг хоҳишига кўра, қуйидаги лицензия ва рухсатномаларни тезлаштирилган тартибда олиш имконини берувчи ҳужжатларни ишлаб чиқиш режалаштирилган:

  • туризм фаолияти;
  • концерт-томоша фаолияти;
  • моддий маданий мероснинг кўчмас объектларини сақлаш фаолияти;
  • ветеринария фаолияти;
  • хусусий бандлик агентликлари орқали фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш;
  • юқори хавфли объектлар ва хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш;
  • АЁҚШларнинг нефть маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ва сотиш талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулоса;
  • ОАВни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома;
  • давлат ва нодавлат архив ҳужжатлари ёки уларнинг нусхаларини мамлакат ташқарисига вақтинча олиб чиқишга рухсатнома.

2025 йил декабрь ойига қадар Адлия вазирлиги, Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси Вазирлар Маҳкамасига ўн турдаги лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тугатиш бўйича таклифлар киритиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда тадбиркорлар «15 дақиқада бизнесни бошлаш» тамойили бўйича рўйхатдан ўтиши мумкин бўлади. Уларга ЭРИ калитини олиш, ҳисобварақлар очиш учун ариза топшириш, лицензия олиш ва бошқа хизматлар бир вақтнинг ўзида кўрсатилади. ЯТТлар фирма номига эга бўлиши мумкин.