
Ўзбекистонда 2022 йилдан буён фуқароларнинг мамлакат ташқарисидаги қуролли ҳаракатларда иштирок этиши ҳолатлари юзасидан 338 та жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизматининг «Узоқдан изланган бахт» ҳужжатли фильмида маълум қилинди.
ДХХ маълумотларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳар йили юзлаб фуқароларнинг диний-экстремистик ва халқаро террористик ташкилотларга кириши ёки ёлланмачи сифатида хорижий ҳарбий тузилмаларга қўшилиши ҳолатларини аниқламоқда.
«Бугунги кунда бизнинг ватандошларимиз учун нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам пул топиш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан қўшма корхоналар очиш учун кенг имкониятлар яратилган. Ҳозирда Ўзбекистоннинг 1,8 миллиондан ортиқ фуқароси хорижда самарали меҳнат қилмоқда… Шунга қарамай, ҳар йили хорижий қуролли тузилмаларда иштирок этаётган юзлаб фуқаролар аниқланмоқда», — дейилади фильмда.
Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланмачилик) бўйича қўзғатилган жиноий ишлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда:
- 2022 йил — 19 та иш,
- 2023 йил — 68 та иш,
- 2024 йил — 112 та иш,
- 2025 йил — 139 та иш.
Яъни, қарийб 4 йил ичида ишлар сони етти баравардан ортиқ ошган.
ЖК 154-моддасининг 1-қисмида айбдор деб топилган шахслар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 2-қисм бўйича (ёлланмачини ёллаш, ўқитиш, молиялаштириш ёки бошқача тарзда моддий таъминлаш, шунингдек, уни қуролли можаро ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш) 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.
«Бизни чақираётган одамлар умуман ким ўзи? Майли, улар бизнинг яқинларимиз, лекин уларнинг бошида ким турганини ўйлаш керак. Ҳозир мен жуда афсусланаман… Сиз ўқ отишмаларга кирасиз, ёнингизда одамлар ўлади, қон тўкилади ва бир лаҳзада оёғингиздан ажраласиз. У ерда бундайларни итдек ташлаб кетишади. Улар кимнингдир манфаатига хизмат қилаётганини, кимдир курсдан чиқиб кетмаслиги учун ишлаётганини тушунишмайди», — деди иштирокчилардан бири.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жалб қилинганларнинг аксарияти жиноий тузилмалар билан алоқада бўлганидан кейин алдов йўли билан ҳарбий можароларга тортилган ёки жанговар ҳаракатлар ҳудудларига юборилган. Камдан-кам ҳолларда иштирок моддий манфаатдорлик туфайли юз берган.
Судланувчиларнинг аксарияти Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этиш билан боғлиқ ишлар бўйича айбланмоқда.

