
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда «15 дақиқада бизнесни бошлаш» тамойили асосида тадбиркорлик субъектларини комплекс давлат рўйхатидан ўтказиш тизими жорий этилади. Бу рўйхатдан ўтказишда еттита хизматнинг бир вақтнинг ўзида кўрсатилишини назарда тутади, дейилади Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 14 ноябрдаги бизнес юритишни соддалаштириш тўғрисидаги фармонида.
Бизнесни рўйхатдан ўтказиш пайтида кўрсатиладиган хизматлар:
- электрон рақамли имзо калитини бериш;
- банк ҳисобварақларини очиш ва фаоллаштириш учун ариза топшириш;
- айрим фаолият турлари бўйича лицензия, рухсатнома ёки хабарнома олиш учун ариза юбориш;
- кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш;
- қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси гувоҳномасини олиш (солиқ хатари даражаси аниқланмасдан, гувоҳнома автоматик тартибда бериладиган солиқ тўловчиларга);
- онлайн назорат-касса машиналарини (НКМ) онлайн режимда сотиб олиш ва уларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш;
- юридик шахс раҳбарини тайинлаш ва уни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро аппарат дастурий комплексида ҳисобга қўйиш.
Тадбиркорлик субъекти ҳар бир хизматдан ўз хоҳишига кўра ихтиёрий равишда фойдаланиши мумкин. Ушбу хизматлар учун ягона QR-код орқали тўлов қилиш мумкин бўлади.
Бошқа енгилликлар
Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади.
Айни шу санадан бошлаб, тадбиркорлик субъектларининг бирламчи маълумотлари (исм, фамилия, отасининг исми, фирма номи, манзил, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва ҳ.к.) ўзгарганда, бу маълумотларга доир ўзгаришлар якка тартибдаги тадбиркор гувоҳномаси, лицензия, рухсатнома ва хабарномаларга идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик йўли билан автоматик тартибда, бепул киритилади. Маълумотлар реал вақт режимида «ID-карта» тизими, ФҲДЁ ягона электрон архиви ҳамда Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимидан узатилади.
Фармонда қўшимча равишда қатор лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш назарда тутилган (улар ҳақида алоҳида хабарда).
2026 йил апрель ойигача «Фирма номлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини тайёрлаш топширилди.
Ўзгаришлар тадбиркорларнинг маъмурий харажатларини 90 миллиард сўмгача қисқартириш, шунингдек, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик жараёнларида уларнинг вақтини 15 кунгача тежаш имконини бериши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил август ойида тадбиркорлар билан анъанавий йиллик учрашувда бизнесни рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш режаларини маълум қилган эди.