Бельгия минтақадаги мавқеини кенгайтириш учун Тошкентда элчихона очади

Бельгия Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) мамлакатнинг Марказий Осиёдаги дипломатик мавжудлигини кенгайтириш доирасида Ўзбекистонда элчихона очиш режаларини эълон қилди.

«Марказий Осиё, айниқса, Транскаспий коридорининг ривожланиши туфайли катта стратегик имкониятларни очмоқда. Бу Бельгия ўзининг позицияларини қатъийроқ намоён этиши керак бўлган тез ривожланаётган минтақа. Бу Хитой, Россия, Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва Афғонистон билан чегарадош бўлган, энг муҳим геосиёсий муҳитда жойлашган юқори салоҳиятли минтақа», — дейилади Бельгия ТИВ раҳбари Максим Прево баёнотида.

«Бу келгуси ўн йилликда жадал ривожланишни бошдан кечирадиган минтақанинг келажагига стратегик сармоя. Қатор хорижий давлатлар буни аллақачон англаб етган ва унга катта маблағ киритмоқда. Шу сабабли биз Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида элчихона очмоқдамиз», — дея қайд этди.

Бугунги кунда Бельгиянинг Марказий Осиёда Қозоғистонда элчихонаси, шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда фахрий консулликлари мавжуд.

Умуман олганда, Бельгия 5 та янги ваколатхона очишни, 8 тасинид ёпишни, шунингдек, Европа, Африка, Жанубий Америка ва Яқин Шарқдаги мавжуд 20 га яқин миссиясини мустаҳкамлашни режалаштирмоқда. Ўзгаришлар 2026—2027 йилларда босқичма-босқич амалга оширилади.

«Бельгия аллақачон бутун дунё бўйлаб кенг дипломатик инфратузилмага эга. Шу боис мақсад уни оптималлаштириш, мамлакатимизни келажакка йўналтирилган тармоқ билан жиҳозлаш ва манфаатларимиз хавф остида турган ва мавжудлигимиз максимал натижа берадиган жойлардаги мавқеимизни мустаҳкамлашдан иборат бўлди», — дейилади Прево баёнотида.