Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 20/11/2025

АҚШда Тошкент вилояти ваколатхонаси очилди

АҚШнинг Флорида штатидаги Голливуд шаҳрида Тошкент вилояти ваколатхонаси очилди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ваколатхона вилоят делегациясининг ҳоким Зойир Мирзаев бошчилигида АҚШга амалга оширган ишчи сафари доирасида очилди. Ташрифдан мақсад — Тошкент вилоятининг халқаро иқтисодий алоқаларини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишдан иборат.

«Янги ваколатхона вилоятнинг иқтисодий, маданий ва туристик салоҳиятини АҚШда кенг тарғиб қилиш, шунингдек, АҚШлик бизнес ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Тошкент вилояти ва Голливуд шаҳри ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу ваколатхона орқали ҳудуд тадбиркорлари ва экспортчиларига АҚШ бозорига чиқишда ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ишбилармон доиралар ўртасида ҳамкорлик кўприкларини яратиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан Америка-Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши таъсис этилган эди. Уни ташкил этиш бўйича келишув давлат раҳбарининг 2025 йил 4−6 ноябрь кунлари «С5+1» саммити доирасида АҚШга ташрифи чоғида эришилган. Кенгашнинг Ўзбекистон томонидан ҳамраиси Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, АҚШ томонидан эса АҚШ Президенти вакили ҳисобланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ватандошларнинг йирик диаспоралари тўпланганлигини ҳисобга олган ҳолда АҚШда янги консулликлар (Филаделфия, Чикаго, Орландо ва Сиэтл) очишни режалаштирмоқда. Уларнинг вазифаси, ватандошлар билан ўзаро ҳамкорликдан ташқари, икки давлат ҳамкорлигини кенгайтиришга кўмаклашишдан иборат бўлади.

2024 йилда Тошкент вилояти ваколатхонаси Хитойнинг Анхой вилоятида ҳам очилган эди. Ўшанда томонлар умумий қиймати 400 млн доллар бўлган тиббиёт ва саноат паркини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги келишувни имзолаган.