
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида эркак аёлни дўппослаб, унга ов милтиғи билан таҳдид қилган. Kun.uz воқеа видеосини эълон қилиб, бу ҳолат ҳақида ёзди.
Кузатув камераси ёзувида эркакнинг дўконга киргани, харидорни милтиқ билан орқасига уриб ҳайдаб юборгани, сўнгра милтиқнинг оғзи билан сотувчи аёлга ҳам зарба бергани кўринади. Шундан сўнг у пештахтадаги товарларни сочиб юборади, пештахта устидан ошиб ўтади ва аёлни яна уради. Видеода яна икки нафар эркак бу воқеани кузатиб тургани, лекин ҳеч қандай чора кўрмагани кўринади.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) воқеа юзасидан изоҳ берди. Идора маълумотларига кўра, 2025 йил 22 октябрь куни «Кўксарой» маҳалласида яшовчи 33 ёшли Р. К. ўзи «диний никоҳ»да бўлган 35 ёшли Н. Ш. нинг олдига келган. У ўзи билан ов милтиғи олиб келган; бошқарма эркак 2021 йилдан бери овчилар жамияти аъзоси эканлигини қайд этган.
Аввал юзага келган можаро сабаб, у аёлга қурол билан таҳдид қилган ва унга тан жароҳати етказган.
Kun.uz воқеа юзасидан аёл билан суҳбатлашди. «У Россияда ишлаб юрарди. Менга турмуш қуришни таклиф қилди, лекин унинг хатти-ҳаракатлари ва қўполлигини кўриб, қўрқдим ва таклифни рад этдим. У Россияда ишлаётганида, менинг картамга 3500 доллар ўтказган, уй сотиб олишимизни айтганди. Ўша куни у пулни қайтаришни сўради. Мен: «Майли, картадан ечиб бераман», — дедим. Ишда бўлганим учун буни қилишга улгурмадим. Ярим тунда у милтиқ билан дўконга бостириб кирди. Мени милтиқнинг темир қисми билан бошимга урди. Мен оғир жароҳат олдим. Кеча шифохонадан чиқдим», — деди Ш. Н.
Аёлнинг сўзларига кўра, жиноий иш ҳалигача қўзғатилмаган ва тажовузкор ташқарида юрибди. У ҳатто фарзандини боғчага олиб боришдан ҳам қўрқишини айтди.
ИИББ маълумотларига кўра, 2025 йил 11 ноябрда олинган суд-тиббий экспертиза аёлда соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига олиб келган енгил тан жароҳати қайд этилганини кўрсатган.
Оҳангарон тумани ИИБ Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми (қасддан енгил тан жароҳати етказиш, соғлиқни олти кундан ортиқ, лекин йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлаштириш ёки меҳнат қобилиятини унча кўп бўлмаган доимий йўқотишга олиб келиш) билан жиноий иш қўзғатди. Эркак терговга жалб қилинган.
Эркакка 2021 йил 22 февралда берилган овчилик чиптаси бекор қилинди, ТОЗ-34 ов милтиғи эса мусодара қилинди.
ИИББ ишни назоратга олганлигини маълум қилди.