
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил 4 ноябрдаги қарори билан давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқлади.
2026 йил 1 январдан кучга кирадиган ҳужжат фуқароларни Давлат тиббий суғуртаси фонди орқали молиялаштириладиган давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларига йўналтириш қоидаларини белгилайди.
Тартиб шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ёрдамга татбиқ этилмайди, бундай ёрдам аввалгидек шошилинч тартибда кўрсатилади.
Электрон йўлланма
Низомга кўра, бюджет ҳисобидан тиббий ёрдам QR-кодли электрон йўлланма асосида берилади. У беморга режали стационар даволаниш учун давлат ёки хусусий тиббиёт муассасасини танлаш ҳуқуқини беради.
Имтиёзли тоифага кирувчи беморлар (ногиронлиги бўлган болалар, чин етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ёшга доир ишламайдиган пенсионерлар, шунингдек, хизмат бўйича пенсияга чиққан ишламайдиган шахслар, Камбағал оилалар реестридаги шахслар, оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган оила аъзолари ва бошқалар) Соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон ахборот тизими орқали шифохоналарга йўналтирилади. Тизим имтиёз борлигини автоматик равишда аниқлайди ва хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар учун солиқ резиденти мақомини текширади.
Йўлланмасиз шифохонага мурожаат қилган фуқароларга шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар бундан мустасно, пуллик асосда ёрдам кўрсатилади.
Давлат бюджети ҳисобидан ёрдам қайси даражада кўрсатилади
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам йўлланма асосида тиббиёт ташкилотларида (пуллик бўлимлар, муассасалар ва ўринлардан ташқари) кўрсатилади.
Туман ва ҳудудий даражада ёрдам барча тоифадаги фуқароларга (2026 йил 1 январгача), ушбу санадан кейин эса фақат президентнинг 2024 йил 5 сентябрдаги қарори (ПҚ-311) билан белгиланган тоифаларга кўрсатилади:
- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўловчилар;
- Солиқ кодексига мувофиқ, меҳнат стажини ҳисоблаш учун зарур бўлган белгиланган миқдордаги солиқларни тўлаган шахслар;
- вояга етмаганлар, ўқув юртлари ўқувчилари ва талабалари;
- ҳомиладор аёллар ва икки ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган шахслар;
- меҳнат органларида расман рўйхатдан ўтган ишсизлар;
- пенсионерлар, кам таъминланган ёки камбағал деб тан олинган оила аъзолари.
Республика даражасида ёрдам фақат имтиёзли тоифадаги беморларга кўрсатилади.
Электрон тизим ва комиссиялар иши
Барча йўлланмалар, навбатлар ва касалхонага ётқизиш электрон ахборот тизими орқали юритилади. Бемор маълумотлари асосида касалхонага ётқизиш тўғрисидаги қарорни тиббий-саралаш комиссиялари (ТСК) — ҳудудий ва Республика ТСКлари қабул қилади.
Агар ҳудудий комиссия даволаниш Республика даражасида зарур деб топса, материаллар Республика ТСКига юборилади, у икки иш куни ичида хулоса беради.
Йўлланма жараёни
Бемор бириктирилган оилавий поликлиникага мурожаат қилади.
Оилавий шифокор уни туман ёки идоравий тиббиёт муассасасининг тор доирадаги мутахассисига йўналтиради. Агар режали касалхонага ётқизиш учун кўрсатмалар бўлмаса, беморга амбулатор даволаниш бўйича тавсиялар берилади ва у оилавий шифокор назоратига қайтади.
Кўрсатмалар мавжуд бўлса, тор доирадаги мутахассис ёки оилавий шифокор касалхонага ётқизиш учун электрон йўлланма расмийлаштиради.
Бемор Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки мобил илова орқали 30 кун ичида тиббий суғурта фонди билан шартнома тузган клиникалар орасидан муассасани мустақил равишда танлаши керак. Суғурта тизими ҳали жорий этилмаган ҳудудларда бемор доимий ёки вақтинчалик яшаш жойидаги туман (шаҳар) даражасидаги стационарга юборилади.
Агар бундай муассаса керакли ёрдамни кўрсата олмаса, бемор танлови бўйича ҳудудий, Республика ёки хусусий тиббиёт муассасасига йўналтирилиши мумкин.
Шакллантирилган йўлланма 60 кун давомида амал қилади.
Бемор муассасани танлаганида, йўлланманинг қиймати тизимда автоматик равишда аниқланади ва жорий чорак (йил) учун фондга бюджетдан ажратилган маблағлар қолдиғи билан солиштирилади.
Агар қолдиқ йўлланма қийматидан ортиқ бўлса, йўлланма тасдиқланади ва маблағ қолдиғи тегишли суммага камайтирилади. Агар қолдиқ кам бўлса, йўлланма кейинги чорак (йил) учун электрон навбатга ўтказилади.
Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш
Кам таъминланганлар реестрига киритилган оилалар, шунингдек, бир кишига тўғри келадиган даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан (1,338 млн сўм) ошмайдиган оилалар учун йўлланма «маҳалла еттилиги»нинг мажбурий қарори билан расмийлаштирилади, бу қарор тизимга юкланади.
Бундай беморларни даволаш Давлат тиббий суғуртаси фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Агар даволаниш шартномада назарда тутилмаган бўлса, харажатлар «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва Давлат ижтимоий ҳимоя фонди маблағлари ҳисобидан қопланади.
Тегишли ТСК хулосасисиз беморлар тўғридан-тўғри хусусий тиббиёт муассасаларига юборилиши мумкин эмас.
Беморларни қабул қилиш ва хабардор қилиш қоидалари
Тиббиёт муассасалари қуйидагиларга мажбур:
- беморларга иш режими, шифокорлар ва хизматлар рўйхати ҳақида бепул ва ишончли маълумот бериш;
- йўлланма бўйича ёрдам кўрсатиш доирасида тасдиқланган хизматлар ҳажмига киритилган ташхис, даволаш, реабилитация, дори-дармонлар ва тиббий буюмлардан фойдаланиш учун пул ундиришга йўл қўймаслик;
- беморга тиббий ҳужжатлардан бепул кўчирмалар (нусхаларни) бериш (оригиналларсиз).
Агар даволаниш жараёнида бошқа касалликлар аниқланса, бемор айни ўша шифохонада даволанишни давом эттириши мумкин. Бунда:
- хизматлар тасдиқланган базавий тарифлар доирасида қопланади;
- йўлланмадаги ташхис электрон тизимда ўзгартирилиши мумкин, бунда ўзгартиришларнинг тўғрилиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назорат қилинади;
- умумий сумма тизимда автоматик равишда тузатилади;
- агар даволаш мумкин бўлмаса, беморни бошқа муассасага навбатсиз ўтказиш учун имтиёзли йўлланма расмийлаштирилади.
Алоҳида ҳолатлар
Руҳий касалликларга чалинган, уларга нисбатан тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилган беморлар тўғридан-тўғри ихтисослашган Республика муассасаларига юборилади.
Юқумли касалликларга чалинган беморлар электрон квоталар асосида Республика юқумли касалликлар шифохоналарига юборилади.
Давлат тиббий суғуртасини жорий этиш 2017 йилдан буён муҳокама қилинади. Унинг ишга туширилиши бир неча бор кечиктирилган. Жорий йил май ойида президент тиббий суғурта тизимини жорий этишдаги «сурункали орқада қолиш»ни танқид қилган эди. Ўша пайтда «Электрон рецепт», «Электрон поликлиника» ва «Электрон шифохона» тизимлари ишга туширилмаган эди. Икки нафар соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимидан озод этилди, яна бири огоҳлантирилди.

