
Фарғона туман суди 2025 йил 17 октябрь куни Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этган 24 ёшли Ўзбекистон фуқаросига ҳукм чиқарди.
Иш материалларига кўра, судланувчи А. К. 2022 йилда даромад топиш мақсадида Москвага борган ва у ерда савдо мажмуаларида тозаловчи бўлиб ишлаган. Кейинчалик у Россияда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят учун судланган.
«Мен Москва вилояти Люберци шаҳридаги „Глобус“ дўконида 3 ой тозаловчи бўлиб ишладим, сўнг бошқа савдо мажмуасига ишга ўтдим. 2022 йил 9 сентябрда Россия полицияси мени ҳибсга олди: кўчада танишим бўлган Элмира исмли қиз билан кетаётганимда, унинг ёнидан гиёҳванд модда топилди. Мен судландим ва 7 йилга озодликдан маҳрум этилдим», – деди А. К. суд мажлисида.
2024 йил ноябрь ойида, Екатеринбургдаги ахлоқ тузатиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган А. К. муассаса маъмурияти таклифи билан, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмасдан, Россия фуқаролигини олиш учун ариза берган ва Россия Федерацияси Қуролли Кучлари билан шартнома имзолаган.
«Мен жазо муддатимни ўтаётганимда, муассаса раҳбари кўпчилигимизни йиғиб, Россия Қуролли Кучларига қўшилишни ва Украина билан урушга боришни таклиф қилди. Бунинг учун бизни қамоқдан озод қилишга ва Россия фуқаролигини беришга ваъда беришди. Ўша пайтда мен бу таклифдан бош тортдим. 2024 йил август ойида ишга ўз вақтида чиқмаганим учун мени карцерга жойлаштиришди. У ерда дастлаб 15 кун ўтирдим. Карцердан чиққач, икки кун умумий режимга ўтдим, лекин кейин яна карцерга жойлаштиришди ва у ерда уч ой ўтирдим. 2024 йил ноябрь ойида муассаса раҳбари мени яна чақирди, Россия фуқаролигини олишни, Россия Қуролли Кучлари билан шартнома тузишни ва урушга боришни таклиф қилди. Агар бу таклифдан бош тортсам, жазо муддатига яна 10 йил қўшилишини айтди. Шунинг учун мен унинг таклифига рози бўлишга мажбур бўлдим», – деди судланувчи.
Россия паспортини олганидан сўнг, А. К. Донецк вилоятидаги полигонда дастлабки ҳарбий тайёргарликдан ўтди, сўнг Горловка шаҳрига юборилди.
8 ой давомида у жанговар ҳаракатларда иштирок этган рус ҳарбий хизматчиларига мотоциклда озиқ-овқат етказиб бериш вазифасини бажарган. 2025 йил август ойида у хизмат жойидан қочиб, Москва – Фарғона рейси билан Ўзбекистонга қайтган.
«2025 йил февраль ойида ҳарбийларга овқат олиб кетаётганимда, Украина дронлари ҳужумига учрадим: парчалар чап қўлим билагига ва чап оёғим болдирига тегди. Ёнимда бомба портлади, пешонамга тош тегди. Саккиз ой хизмат давомида икки марта қочишга ҳаракат қилдим, лекин ушландим. 2025 йил август ойи ўрталарида у ердан қочишга муваффақ бўлдим ва 18 август куни Москвага етиб бордим. У ерда Ўзбекистон консуллигига мурожаат қилиб, Ватанга қайтиш гувоҳномасини олиш учун ариза бердим. 28 августда гувоҳномани расмийлаштирдим ва „Внуково“ аэропортидан Фарғонага учиб келдим. Бу ерда мени ҳибсга олишди», – деди йигит.
Суднинг аниқлашича, А. К. урушда иштирок этаётганида ижтимоий тармоқлар орқали яқин қариндошлари билан боғланиб, Россия Қуролли Кучлари сафига қўшилганини ва Россия томонида урушда иштирок этаётганини айтган. У ҳарбий гувоҳномасининг фотосуратини ва хизмат пайтида олинган суратларни юборган.
Судланувчи айбини тўлиқ тан олди ва пушаймонлигини билдирди. У Ўзбекистонга ихтиёрий равишда қайтганини ҳисобга олиб, жазони енгиллаштиришни сўради.
А. К. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) бўйича айбдор деб топилди ва уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. У жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.
Украинанинг «Хочу жить» лойиҳаси октябрь ойида Россиянинг Украинага қарши урушида ҳалок бўлган 481 нафар Ўзбекистон фуқароси рўйхатини эълон қилди. 2023 йилдан буён лойиҳа можарода иштирок этган ёки этаётган 2715 нафар ўзбекистонлик шахсини аниқлаган.

