
Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб тиббий хизматлар сифатини жамоатчилик томонидан баҳолашнинг янги тизими жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Тошкент давлат тиббиёт университетида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувда маълум қилди.
«Бугун одамларнинг ҳаётга муносабати, уларнинг талаб ва эҳтиёжлари, дунёқараши ўзгарди. Бу, бошқа соҳалар қаторида, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва замонавий ёндашувларни жорий қилиш бўйича олдимизга янги вазифаларни қўймоқда. Шу боис, ноябрь-декабрь ойларида жиддий тайёргарлик кўриб, январдан тиббиёт соҳасида халқнинг баҳосини эшитиш имконини берувчи тизимни жорий қиламиз», – деди давлат раҳбари.
Хусусан, 26 та республика тиббиёт маркази директорлари, вилоят ва туман соғлиқни сақлаш бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, оилавий поликлиникалар мудирлари ҳар ойлик аниқ режалар асосида ишлайди.
Бу раҳбарлар мунтазам равишда телевидение ва ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилиб, амалга оширилган ишлар, энг кeнг тарқалган касалликлар ва уларнинг олдини олиш чоралари ҳақида маълумот беради. Улар фуқароларни ўз саломатлигига ғамхўрлик қилишга, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтишга, тўғри овқатланишга ва фаол турмуш тарзини олиб боришга чақиради.
Тиббиёт марказлари раҳбарлари энг муаммоли туман ва маҳаллаларга бориб, у ерда бир ой давомида касалликлар сабабларини ўрганади, уларни ҳал этиш йўлларини излайди ва маҳаллий шифокорларни даволаш усулларига ўргатади.
Бундан ташқари, президентнинг сўзларига кўра, эндиликда вилоят ва туман соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг кундалик қабули бевосита маҳаллаларда ўтказилади.
«Шундай қилинса, халқ билан ҳақиқий мулоқот ўрнатилади, одамлар рози бўлади, соғлиқни сақлаш тизими эса фуқароларнинг ўзидан объектив баҳо олади», – деди президент.
У раҳбарлар ва бош шифокорларга тиббиёт муассасалари фаолиятини бемор нуқтаи назаридан шахсан баҳолашни талаб қилди.
«Ҳар бири ўзига савол берсин: бемор шифохона ёки поликлиникага келиб, қанча вақтини сарфлаяпти ва олган хизматидан қанчалик рози? Агар раҳбар ўзи кириш жойидан тортиб, шифокор қабулигача, кейин эса рентген, лаборатория, УЗИ ёки ЭКГ учун хоналар ва қаватлар орасидан ўтса, фақат шундагина у одам нималарни бошдан кечираётганини тушунади», – дея таъкидлади давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган ҳар бир бемор уни тез, эътибор ва ҳурмат билан олиши учун барча шароитларни яратишни топширди.
Эслатиб ўтамиз, президент 2025 йил 9 ноябрь куни давлат тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.

